COVAX орқали қарийб 2 млрд доза вакцина захирага олингани маълум бўлди

Коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш ва тарқатиш бўйича COVAX халқаро механизми доирасида қарийб 2 миллиард вакцина захирага олинди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, бу ҳақда ЖССТ баёнотида маълум қилинди.

Ушбу дастур доирасида иштирок этаётган барча 190 мамлакат, шу қаторда Ўзбекистон ҳам, 2021 йилнинг биринчи ярмидаёқ вакцина захирасидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

ЖССТ таъкидлашича, донорларнинг молиявий кўмаги билан кам ва ўрта даромадли 92 мамлакатга камида 1,3 миллиард доза тақдим этилади. Дастлабки партиялар 2021 йилнинг биринчи чорагида юборилиши керак.

Вакциналарнинг 2 миллиард дозаси фармацевтика компаниялари билан сотиб олиш тўғрисида олдиндан келишув тузиш йўли билан резервга олинган. Хусусан, вакциналарнинг 170 миллион дозаси AstraZeneca/Охфорд, 500 миллион дозаси Johnson & Johnson компаниялари томонидан заҳирага келиб тушиши керак.

Ушбу битимлар Ҳиндистоннинг Серум институти (SII) билан 200 миллион доза етказиб бериш бўйича илгари имзоланган шартномаларга қўшимча бўлиб, AstraZeneca/Оксфорд ёки Novavax компанияларидан вакцинани 900 миллион дозага ошириш имконияти ҳам мавжуд. Шунингдек, Sanofi/GSK компаниясидан вакцина олиш бўйича битим ҳам имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон COVAX дастурига 2020 йилнинг август ойида қўшилганди. Дастур шартларига кўра, даромад даражаси юқори бўлган давлатлар вакциналар хариди учун пул тўлайди ва шу тариқа бу соҳадаги молиялаштириладиган давлатларга субсидия беради. Режаларга кўра, мазкур механизм доирасида 2021 йилнинг охирига қадар бутун дунё бўйича 2 миллиард доза вакцина ишлаб чиқарилиши ва тенглик асосида тақсимланиши керак.

Улашинг: