ЖССТ COVID-19’нинг янги штамми қанчалик хавфлилигига баҳо берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) COVID-19 коронавирусининг янги штамми касалликнинг кечишини оғирлаштириши ҳақидаги далилларга эга эмас. Бу ҳақда ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Биз ўзимизни қандай ҳимоя қилишни биламиз, вируснинг туридан қатъи назар, қоидалар ўзгармайди», — деди Райан ЖССТ янги штаммлар очилишини ижобий баҳолаётганини таъкидлаб.

«Биз мувозанатни топишимиз керак. Шаффофликни таъминлаш жуда муҳим, жамоатчиликка уни ўз ҳолича етказиш жуда муҳим, лекин бу вирус эволюциясининг нормал қисми эканлигини тушуниш ҳам шунчалик муҳимдир», — дея қўшиб қўйди ЖССТ вакили.

Райаннинг сўзларига кўра, вирус мутациясини реал вақт режимида кузатиш глобал соғлиқни сақлаш учун ҳақиқатда ижобий ҳодисадир, бундай кузатувни олиб бораётган мамлакатлар эса мақтовга лойиқ.

ЖССТ вакили қайд этишича, сафарлар учун чекловлар киритаётган давлатлар хавфни баҳолашда юқори даражали эҳтиёткорликни намоён қилмоқда. «Бу оқилона иш», — дея хулоса қилди у.

Ўтган ҳафтада Буюк Британияда коронавируснинг янги варианти аниқланди — дастлабки маълумотларга кўра, у одатдаги коронавирусдан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан-да хавфлироқ эмас. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Борис Жонсон маълум қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ҳам ўхшаш мутациядаги вирус топилгани ҳақида хабар берилган эди. Вируснинг янги варианти ҳозирги вакциналар ҳосил қиладиган иммунитетдан кучлироқ бўлиши мумкин, деган тахминлар учун ҳозирча бирор-бир асос йўқ.

Шу муносабат билан 20 дан ортиқ мамлакат авиақатновларга чекловлар киритди. Австрия, Аргентина, Бельгия, Болгария, Германия, Исроил, Эрон, Ирландия, Италия, Канада, Колумбия, Кувайт, Латвия, Литва, Марокаш, Нидерландия, Руминия, Туркия, Хорватия, Финляндия, Франция, Чили, Чехия, Швейцария, Эстония турли муддатларга Буюк Британиядан парвозларни тўхтатган. Дания вазиятга баҳо бериб, қандай чоралар талаб қилинишини тушуниб олиш учун ўз ҳаво ҳудудини Буюк Британиядан келадиган самолётлар учун 48 соатга ёпиб қўйди. Польша 21 декабрь куни ярим тундан самолётлар парвозини бекор қилди. Рейслар қачон қайта тикланиши номаълум. Кейинроқ Исроил, Доминика Республикаси, Ямайка ва Россия ҳам Буюк Британияга парвозлар тақиқлангани ҳақида эълон қилди.

Ўзбекистон ҳам COVID-19’нинг янги варианти аниқланган Буюк Британия ва яна етти давлат билан авиарейсларни тўхтатди. Республика махсус комиссиясининг қарори билан 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва ЖАР давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилди.

Улашинг: