Буюк Британияда коронавируснинг яна бир янги штамми аниқланди

Буюк Британияда коронавируснинг Жанубий Африка Республикасидан кириб келган яна бир янги штамми аниқланди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хенкок маълум қилди, деб ёзмоқда «Интерфакс».

Фото: Reuters

«Бу янги тур хавотир уйғотмоқда, чунки у тез юқмоқда ва Британияда аввалроқ аниқланган штаммдан кўра кўпроқ мутацияга учраган», — дея маълум қилган Хенкок. Шунингдек, вазирнинг маълум қилишича, Буюк Британия ЖАРдан авиарейсларни қабул қилишни тўхтатмоқда.

Коронавируснинг янги штамми

Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэтт Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда.

Улашинг: