Германия ва Швейцарияда коронавируснинг «британча штамми», Нигерияда эса бутунлай янги мутацияси аниқланди

Германия ва Швейцарияда Буюк Британияда аниқланган коронавирус штамми билан касалланган илк беморлар қайд этилди, Африканинг Нигерия давлатида эса умуман бошқача штамм аниқланди.

Германия жануби-ғарбида, Баден-Вюртембергда бир аёлга коронавируснинг янги, Буюк Британияда аниқланган штамми ташхиси қўйилди. У Буюк Британиядан Германияга Франкфурт Майн аэропорти орқали учиб келган. Аёл айни пайтда ўзини ўзи яккалаб, уйда ўтирибди.

Инфекция барча йўловчилар тестдан ўтказилганидан кейин аниқланган. Эртаси куни, 21 декабрда аёл яна бир марта тест топширган, унинг натижаси коронавируснинг янги штамми борлигини тасдиқлаган. «Шу куниёқ аёлда касалликнинг енгил симптомлари пайдо бўлди. У яқин мулоқотда бўлган уч киши ҳам карантинда ўтирибди», — дейилади Баден-Вюртемберг ўкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Швейцарияда эса икки нафар Буюк Британия фуқаросида коронавируснинг янги штамми аниқланди, бу ушбу мамлакатдаги биринчи шундай ҳолат бўлди. «Швейцарияда коронавируснинг Буюк Британияда аниқланган янги варианти иккита таҳлил намунасидан чиқди. Бу одамлар Буюк Британияда яшайди, уларнинг Швейцарияда топширган тести мусбат натижа берди», — дейилади мамлакат Жамоатчилик соғлиғини сақлаш федерал бошқармаси хабарида.

Касалланганларнинг биттаси ва у билан мулоқотда бўлган одамларнинг барчаси вазиятдан хабардор қилинган ва улар ўзини ўзи яккалаш режимида. Иккинчи одам билан боғланишга уринишмоқда.

Нигерияда эса коронавируснинг бутунлай янги штамми аниқланди, у вирус мутациясининг алоҳида шакли бўлиб ҳисобланади.

«Бу Буюк Британия ва Жанубий Африкадан алоҳида йўналиш», — деди Африка касалликлар назорати ва профилактикаси маркази директори Жон Нкенгасонг. У масала қўшимча текширувларни талаб қилишини айтди.

Янги штамм Нигерияда коронавирусга чалинишлар сони ўсиши фонида аниқланган. Сўнгги бир ҳафта ичида мамлакатда касалланиш ҳолатлари 52 фоизга, бутун Жанубий Африкада эса 40 фоизга кўпайган. Аммо касалланиш ҳолатларининг ортишига айнан янги штамм сабабчи бўлгани борасида ҳеч қандай далиллар йўқ, дея таъкидлади Нкенгасонг.

Улашинг: