АҚШда COVID-19’га қарши вакцина олишдаги фирибгарликлар бўйича текширув бошланди

Фото: «Москва» АА

АҚШнинг Нью-Йорк штатида полиция COVID-19’га қарши вакцинани тарқатиш ва жисмоний шахсларга тақдим этиш бўйича қоидани четлаб ўтган ҳолда уни фирибгарлик йўллари орқали олиш билан боғлиқ маълумотларни текширмоқда. «РБК»нинг ёзишича, бу ҳақда штат соғлиқни сақлаш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Унда айтилишича, Орижин округида тиббий ёрдам кўрсатадиган Parcare клиникалар тармоғи коронавирусга қарши вакцинани фирибгарлик йўли билан олган бўлиши ва уни штатнинг бошқа тиббий муассасаларига йўналтирган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Parcare ходимлари штатнинг вакцинация режасини бузиб, дори воситасини жамоатчиликка етказишда гумон қилинмоқда.

«Соғлиқни сақлаш департаменти штат полициясига жиноий ишни фош қилишда ёрдам кўрсатади. Айб исботланган тақдирда, фирибгарлик тузилмаси иштирокчилари қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади», — дейилади хабарда.

Daily News хабарига кўра, Parcare тармоғига Орижин ва Бруклин (Нью-Йорк шаҳрининг аҳоли энг зич жойлашган пункти)даги олтита клиникалар киради. Тиббиёт муассасалари асосан яҳудий диаспораси вакилларига хизмат кўрсатади.

Клиникалар тармоғи бош директори Гэри Шлезингер унинг муассасалари Moderna компаниясидан 3500 доза вакцинани олганлигини очиқ билдирган. Parcare вакцинани эмлаш учун интернет орқали рўйхатдан ўтган 60 ёшдан ошган барча фуқароларга «ким биринчи» принципи асосида беришни ваъда қилган. Нашрнинг ёзишича, бундай ёндашув вакцинация режасига хилоф, чунки қоидага кўра аввал соғлиқни сақлаш ходимлари эмланади.

АҚШ ҳукумати Moderna вакцинасидан фойдаланишни 19 декабрь куни маъқуллаган. Ушбу препарат АҚШда 18 ёшдан ошган беморлар учун фавқулодда фойдаланиш учун тасдиқланган иккинчи дори бўлди. Ишлаб чиқарувчилар вакцина 94 фоиз самарадор эканлигини маълум қилган. Мамлакатда коронавирусга қарши эмлаш 14 декабрдан бошланган.

26 декабрь куни The New York Times АҚШда Moderna вакцинасига биринчи марта ўткир аллергик реакция ҳолати қайд этилганини маълум қилган. Бостонлик шифокорда инъекция қилинганидан бир неча дақиқа ўтгач, ножўя таъсир пайдо бўлган — унинг юрак уриши тезлашиб, қон босими тушган, тили карахт бўлиб, совуқ тер чиққан. Нашр шифокорнинг чиғаноқларга тоқати йўқлиги ва эмлашдан кейинги аломатлар ушбу аллергенга хос эканлигини таъкидлаган.

Улашинг: