Австрияда коронавирус сабаб учинчи локдаун бошланди

Австрияда уйдан ташқарига чиқиш, хизмат кўрсатиш ташкилотлари фаолияти ҳамда Янги йил тадбирларини ўтказишга чекловлар жорий этилди. Австрия канцлери Себастьян Курснинг сўзларига кўра, янги чораларнинг қўлланилиши оммавий вакцинация бошлангунга қадар касалланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида жорий этилмоқда, деб хабар беради «РБК».

Локдаун ёз фаслига мўлжалланган «нормал ҳаёт тарзига қайтиш» комплекс чораларининг биринчи бўғинига айланади. Курснинг таъкидлашича, ҳозирда Австриядаги вазият Европанинг бошқа мамлакатларига қараганда енгилроқ, касалланиш ҳолатлари камайган, бироқ ҳамон «юқори даражада» қолмоқда. Об-ҳаво шароитлари — паст ҳарорат ва қуёш нурининг етарли эмаслиги вазиятни исталган вақтда ёмонлаштириб юбориши мумкин.

Шундай қилиб, 26 декабрдан 18 январга қадар қуйидаги чекловлар амалда бўлади:

  • Кун давомида уйни тарк этиш тақиқланади, фақат ишга, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш учун, спорт билан индивидуал шуғулланиш ёки бошқа бир инсонга ёрдам кўрсатиш мақсадида чиқиш мумкин;
  • Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ташкилотлар, ресторан ва меҳмонхоналар ёпилади;
  • Кундалик эҳтиёжлар учун зарур бўладиган маҳсулотлар билан савдо қилувчи дўконлар, жумладан, озиқ-овқат дўконлари, дорихона ва пўчта бўлинмаларидан бошқалари ёпилади;
  • Маданият муассасалари фаолияти тўхтатилади, масалан, музейлар;
  • Янги йил базмларини ўтказиш тақиқланган ва 31 декабрь кунги оммавий мушакбозлик бекор қилинган;
  • Бинолар ичида спорт билан шуғулланиш тақиқланган;
  • Мактабларда ўқиш масофадан туриб давом эттирилади, катта синф ўқувчилари учун қисқа муддатли учрашувлар ташкил этилади, масалан, улар имтиҳон топшириш учун мактабга келади.

Диндорлар учун Рождество байрамини нишонлашнинг махсус қоидалари ишлаб чиқилган. Байрамлардан сўнг ва 17 январга қадар жамоат хизматлари ҳам тақиққа учраган. 6—7 январь кунлари Рождествони нишонлайдиган православлар учун истисно мавжуд.

Улашинг: