ЖССТ раҳбари бу пандемия инсоният учун охиргиси бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди

    Дек 27, 2020
    Фото: AP Photo

    2020 йилда дунёга хавф солган коронавирус инфекцияси пандемияси инсоният учун охиргиси бўлмайди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Тедрос Гебрейесус 27 декабрь — Халқаро эпидемияга қарши шайлик кунига бағишланган видеомурожаатида айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».

    «Тарих бизга жорий пандемия охиргиси бўлмаслигини айтмоқда. Эпидемия — бу факт. Аммо соғлиқни сақлашга инвестициялар, ҳукумат ва бутун жамоатчилик кўмаги, саломатлик масалаларига ягона ёндашув — бизнинг фарзандларимиз ва уларнинг фарзандларига хавфсизроқ ва барқарорроқ дунё мерос бўлиб қолишининг кафолатларидир», — деди Гебрейесус.

    Унинг сўзларига кўра, атиги бир йил аввалроқ инсоният COVID-19’дан бехабар бўлганига ишониш қийин. Ва сўнгги 12 ой ичида дунё ағдар-тўнтар бўлгани, пандемия оқибатлари касаллик доирасидан анча чиқиб кетганига ҳам гувоҳ бўлди.

    «Лекин булардан ҳеч бири бизни ҳайрон қолдирмаслиги керак: сўнгги йиллар мобайнида кўплаб прогнозлар ва тавсиялар бўлган эди. Уларнинг барчаси дунёнинг пандемияга тайёр эмаслигини таъкидлаган. Барчамиз пандемия бизга бераётган сабоқларни ўзлаштириб олишимиз керак», — дея қайд этди ЖССТ раҳбари.

    Гебрейесус келажакда пандемиянинг жамият ва иқтисодиёт учун салбий таъсирларини камайтириш борасида учта маслаҳат берди. «Аввало, барча мамлакатлар ҳар қандай фавқулодда ҳолатларни мониторинг қилиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича дастурларга маблағ киритиши керак. Бирламчи тиббий ёрдам айниқса муҳим», — деди ЖССТ бош директори.

    Иккинчи банд, унинг фикрича, соғлиқни сақлаш тизими, ҳукумат ва жамият ишининг мувофиқлаштирилиши ҳисобланади. «Учинчидан: пандемия бутун сайёрадаги одамлар ва ҳайвонларнинг саломатлиги ўртасидаги боғлиқликни намоён қилди. Бу муаммоларнинг барчасини фақат одам соғлиғи ҳақида қайғуришга ягона ёндашув орқалигина ҳал қилишимиз мумкин. Бизнинг ҳаракатларимиз одамнинг жонли табиат ва иқлим учун соладиган хавфларини ҳал қилмаса, муваффақиятсизликка учраши тайин», — дея қўшиб қўйди у.

    Аввалроқ ЖССТнинг Европа бюроси директори Ҳанс Клюге дунё пандемия якунига олиб борувчи йўлнинг ярмига келганини айтганди. «Бундай вируслар, тахминан, икки йил ривожланиши ҳақида умумий билим мавжуд, шунинг учун биз ҳозирча фақат йўлнинг ўртасидамиз», — дея тушунтириш берган бюро директори.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!