Трамп АҚШдаги карантин чораларини COVID-19’нинг ўзидан ҳам хавфлироқ деб атади

Фото: «РБК»

АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трампнинг айтишича, коронавирусга қарши кураш бўйича чеклов чоралари COVID-19’нинг ўзидан кўра кўпроқ зарар етказмоқда. Бу ҳақда у ўз Twitter’ида ёзди, дея хабар бермоқда «РБК».

«Демократлар томонидан бошқарилаётган штатларда карантин кўплаб одамларнинг ҳаётини бутунлай вайрон қилмоқда. Бу Хитой вирусининг (Трамп коронавирусни шундай атайди) ўзи етказадиган зарардан баттарроқ», — деди у.

Трампнинг сўзларига кўра, карантин чораларига қарамасдан, Калифорнияда касалланганлар сони ўсишда давом этмоқда, Флорида ва бошқа штатларда эса локдаун эълон қилинмаган бўлса-да, ҳукумат вирусни эпламоқда.

Трамп бутун Америка бўйича чекловларни бекор қилиш зарурлиги ҳақида кўп марта гапириб ўтган. У вирус тарқалишини қатъий локдаун киритмасдан ҳам эплаш мумкинлигини, чекловлар эса АҚШ иқтисодиётига улкан зарар етказиши мумкинлигини айтган.

Шунингдек, АҚШ президенти коронавирус тарқалишида Хитойни айбдор қилиб кўрсатади. «Бундай воқеа юз бергани сизларнинг айбингиз эмас, бу Хитойнинг айби. Хитойга эса бизнинг мамлакатга қилган иши қимматга тушади. Хитойнинг бутун дунёга қилган иши қимматга тушади. Шуни эсда тутинглар», — деган эди Трамп.

АҚШда коронавирус инфекциясига чалиниш даражаси дунё бўйича энг юқори ҳисобланади. Американинг Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия даврида мамлакатда қарийб 19 миллион киши вирусни юқтирган, шуларнинг 331 мингдан ортиғи вафот этган.

Улашинг: