Путин коронавирусга қарши эмланмоқчи

Россия президенти Владимир Путин коронавирусга қарши эмланмоқчи. «РБК»нинг ёзишича, бу ҳақда унинг матбуот котиби Дмитрий Песков «Россия 1» телеканали эфирида маълум қилган.

«У эмланмоқчилигини, шундай қарорга келгани ва барча расмиятчиликлар тугашини кутганлигини айтди», — деган Песков.

Матбуот котибининг айтишича, COVID-19’га қарши вакцина олиш режаси ҳақида президентнинг ўзи яқин келажакда эълон қилади.

Песков президентнинг қизи вакцинани синовдан ўтказиш учун кўнгиллилар гуруҳига қўшилгани ҳақидаги мавзуни тўхтатишни таклиф қилиб, «бу Путиннинг шахсий ҳаёти» эканини билдириб ўтган. Кремль вакилининг қўшимча қилишича, Путин қизининг бундай қарорини Россия вакцинасига ишонч даражасини кўрсатиш мақсадида айтган.

Август ойида Путин коронавирусга қарши дунёда биринчи вакцина рўйхатга олинганини маълум қилиб, қизларидан бири ушбу вакцина билан эмланганини айтганди. Шундай йўл билан у синовларда иштирок этганини таъкидлаган.

17 декабрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Путин нега ҳали ҳам COVID-19’га қарши вакцина олмагани ҳақидаги саволга жавобан россияликларга қилиш бошланган вакцина ҳозирча ҳамма ёшдагилар учун мўлжалланмаганлигини, аммо имкони пайдо бўлиши билан эмланишини билдирганди. Айни пайтда Путин 68 ёшда.

26 декабрь куни мамлакт соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко вазирлик клиник синовлар натижаларига кўра «Спутник V» вакцинасини оммавий эмлаш пайтида 60 ёшдан ошганларга қўллашга рухсат берилганини маълум қилган.

Улашинг: