Германияда қариялар уйининг 8 ходими хатолик туфайли коронавирусга қарши вакцинанинг 5 марта кўпроқ дозаси билан эмланди

Фото: Unsplash

Германия шимолидаги қариялар уйининг саккиз ходими хатолик туфайли коронавирусга қарши Pfizer / BioNTech вакцинасининг беш марта кўпроқ дозаси билан эмланди, деб ёзади Meduza.

Ҳодиса Мекленбург — Олд Померания ўлкасидаги Штральзунд шаҳрида юз берди. Беш марта кўп доза билан эмланган ходимлар 1966—1982 йилларда туғилган. Уларнинг тўрт нафарида грипп белгилари аниқланган ва улар эҳтиёт юзасидан касалхонага ётқизилган.

Вакцинани синовдан ўтказиш чоғида кўнгиллиларга уч марта кўп дозада юборилган. Аммо бу ҳеч қандай жиддий иккиламчи таъсирларни келтириб чиқармаган.

27 декабрдан Европа мамлакатлари ўз аҳолисини коронавирус инфекциясига қарши эмлашга киришди. Евроиттифоқ ҳозирча фақат битта дорини — Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компаниялари томонидан ишлаб чиқилган вакцинани қўллашга рухсат берган. Хусусан, Германия, Франция, Испания, Австрия, Болгария, Чехия ва Италия аҳолиси вакцина олишни бошлади.

Улашинг: