ЖССТ: коронавирус бундан буён мутацияга учрашда давом этиши мумкин

Коронавирус бундан буён ҳам мутацияга учрашда давом этади, бундай фикрни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эксперти Мария ван Керкхове билдирди, деб ёзади «РБК».

«Бундай ўзгаришлар табиий, уларни кутиш мумкин. Ва бу вирус қанчалик кўп тарқалса, унинг мутацияга учраш имкониятлари ҳам шунчалик кўп бўлади», — деди ван Керкхове.

Унинг сўзларига кўра, аниқланган мутацияларнинг катта қисми коронавирусга унинг юқиш тезлиги ёки инфекциянинг кечиш оғирлиги жиҳатдан сезиларли даражада таъсир ўтказмаган.

«Аммо биз бу вариантларни ўрганишда давом этишимиз зарур, шу жумладан, юқиш потенциали нуқтаи назаридан ҳам», — дея қўшиб қўйди Керкхове. Унинг таъкидлашича, ЖССТ вазиятни диққат билан кузатмоқда ва бутун дунё бўйлаб мутацияни ўрганаётган олимлар билан ишламоқда.

ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус ҳам Женевадаги бирифингда шу мавзуда гапириб, дунё ҳамжамияти 2021 йилда коронавируснинг янги штаммларини тадқиқ қилишга жиддий эътибор қаратиши кераклигини қайд этди.

«Келаси йилда қийинчиликлар ва янги синовлар бўлади, масалан, COVID-19’нинг янги вариантлари», — деди Гебрейесус.

ЖССТ бош директори Буюк Британия ва Жанубий Африка Республикасига «тест ўтказиш орқали янги турларни аниқлагани» учун миннатдорлик билдирди, шунингдек, бошқа мамлакатларни коронавируснинг янги штаммлари ҳақидаги маълумотлар билан бўлишишга чақирди.

Улашинг: