Россияда ноябрь ойида 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 79 минг нафарга кўпроқ одам вафот этди

Фото: «ТАСС»

Россияда 2020 йилнинг ноябрь ойида 219 872 киши вафот этган, деб ёзади Meduza «Росстат» маълумотларига таяниб.

Мамлакатда 2019 йилнинг ноябрига нисбатан 56 фоизга кўп ўлимлар қайд этилган (қўшимча 78 541 та ўлим).

Шу билан бирга, «Росстат» маълумотларига кўра, коронавирус 19 626 кишининг вафоти учун асосий сабаб бўлган. Яна 3984 та ҳолатда коронавируснинг борлиги лаборатория томонидан тасдиқланмаган бўлса-да, у асосий сабаб деб тахмин қилинади. 2178 кишининг ўлимига сабаб бўлган бошқа касалликларнинг кечишига ҳам коронавирус ўз таъсирини ўтказган, яна 9857 нафар марҳумда COVID-19 ташхиси бўлган, аммо ўлим келиб чиқишида унинг ҳеч қандай роли бўлмаган.

Шу тариқа, «Росстат» берган маълумотларга кўра, коронавирус 25 788 кишининг ўлимига бевосита ёки билвосита таъсир қилган, бу 2019 йил ноябридаги ўлимларга нисбатан ўсишнинг учдан бири демакдир.

Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикованинг айтишича, 2020 йилнинг 11 ойи ичида ўлим ҳолатлари 13,8 фоизга ўсган, бу ўсишнинг 81 фоизи коронавирус билан боғлиқ.

Нашр эслатишича, октябрда Россияда ўлимлар сони 2019 йилги кўрсаткичлардан 30,3 фоизга ошган эди (қўшимча 47 777 та ўлим). Шу ой ичида 15 607 киши коронавирус ёки унинг асоратларидан вафот этган.

Улашинг: