Вакиллар палатаси америкаликларга тўғридан-тўғри тўловларни 600 доллардан 2000 долларгача оширишни ёқлаб овоз берди

Фото: VOA

АҚШ Конгрессининг вакиллар палатаси кўпчилик овоз билан пандемия шароитида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чораларидан бири сифатида АҚШнинг аксарият фуқароларига бериладиган тўғридан-тўғри тўловлар миқдорини ошириш ҳақидаги ташаббусни ёқлаб чиқди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

CNBC хабарига кўра, суммани оширишни ёқлаб 274 киши овоз берган, 134 киши қарши чиққан. Бошидан ташаббусни қўллаб-қувватлаган Демократлар партияси вакиллари сафига Республикачилар партиясининг 44 аъзоси қўшилган (яна 130 республикачи қарши овоз берган).

Энди қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун сенатга юборилади, у эса Республикачилар партияси вакиллари томонидан бошқарилади. Associated Press қайд этишича, сенатда овоз бериш натижалари қандай бўлиши «жуда ноаниқ». Сенатдаги озчилик етакчиси Чак Шумер овоз беришни талаб қилишини айтди.

Аввалроқ АҚШ Конгресси коронавирус тарқалиши фонида иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган 892 миллиард долларлик янги пакет лойиҳасини маъқуллаган эди. Пакет аксарият америкаликларга 600 доллар миқдорида тўловлар, шунингдек, ишсиз қолганларга ҳафталик 300 доллар миқдорида қўшимча тўловларни ўз ичига олган.

Эслатиб ўтамиз, март охирида АҚШ Конгресси Сенати COVID-19 коронавирус пандемияси шароитида АҚШ компаниялари, аҳолиси ва соғлиқни сақлаш тизимини иқтисодий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллаб, 2,2 триллион доллар миқдорида маблағ ажратган, ушбу молиялаштириш пакети мамлакат тарихидаги энг йириги бўлганди. Апрель ойида эса Конгресс иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга яна 484 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги дастурни маъқуллаганди. Баҳорда тасдиқланган кўплаб чоралар муддати тез орада тугайди ва янги чора-тадбирлар пакети уларни узайтиришни назарда тутади.

Аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги иқтисодиётни кучайтиришга 916 миллиард доллар ажратишни таклиф қилгани, мамлакатда шатдауннинг олдини олиш учун бир кунга бюджет қабул қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Улашинг: