Эрон уриб туширилган Украина самолётининг қурбонлари оиласига 150 минг доллардан товон тўлайди

Фото: «РИА Новости»

Эрон Теҳрон яқинида Украина халқаро авиакомпаниясининг самолёти қулаши оқибатида қурбон бўлганларнинг оилаларига 150 минг АҚШ долларидан тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда Reuters Эроннинг IRNA ахборот агентлигига асосланиб хабар бермоқда.

Маълумот учун, Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний 3 январь куни АҚШ ҳаво кучлари томонидан Бағдод аэропортига берилган авиаҳужум оқибатида ўлдирилганди. Зарба АҚШ президенти Дональд Трамп фармойишига асосан берилган. 8 январь куни эса Эрон унга жавобан Ироқдаги Америка базасига ҳужум қилган.

Ҳужум вақти ракеталарнинг бири Украина халқаро авиакомпаниясининг Теҳрондан Киевга учаётган Boeing 737 самолётига тегиб, уни уриб туширилган. Самолёт бортида 176 киши вафот этган.

Эрон дарҳол авиаҳалокатга техник носозлик сабаб бўлганини айтган. Кейинчалик 11 январь куни Эрон мамлакат ҳаво мудофааси самолётни операторнинг хатоси туфайли уриб туширилганини тан олди ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига компенсация тўлашини маълум қилди. Январь ойи охирида Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф самолётни тасодифан уриб туширган аскар қамоқда эканини айтган.

Эрон ҳукумати 2020 йил июль ойи охирида қурбонларнинг оиласига товон тўлашга рози бўлди.

Улашинг: