Ислом динини қабул қилган таниқли футболчилар (фото)

Дунёда бошқа динга эътиқод қилиб, маълум вақтдан сўнг ислом динини қабул қилган инсонлар кўп. Табиийки, улар орасида спортчи ва футболчиларни ҳам учратиш мумкин. Қуйида ислом динини қабул қилган таниқли футболчилар ҳақида фикр юритамиз.

Франк Рибери

Фото: Associated Press

Ўзининг «Бавария»даги ёрқин ўйинлари билан танилган «Фиорентина» футболчисининг исломни қабул қилишига рафиқаси сабабчи бўлган. Рибери 2006 йилда жазоирлик қизга уйланаётганда ислом динини қабул қилади ва Билол исмини олади.

Тьерри Анри

Фото: Twitter

Исломни қабул қилган яна бир таниқли футболчи, бу Анридир. Унинг бу қарорга келишига мусулмон дўстлари (Абидал, Рибери) сабабчи бўлган — бунда Анрининг «Барселона»даги собиқ жамоадоши Эрик Абидалнинг роли катта бўлгани айтилади. Анрининг сўзларига кўра, ислом у учун ҳамма нарсадан муҳимроқ бўлиб қолган.

Эрик Абидал

Фото: Getty Images

Юқорида тилга олинган «Барселона» собиқ футболчиси 2003 йилда исломни қабул қилади ва Рибери каби Билол исмини олади. Абидал интервьюларидан бирида бу (исломга кириш) унга куч ва илҳом бағишлашини айтганди. Эрик ҳам ҳаёт йўлларини жазоирлик аёл билан боғлаган.

Николя Анелка

Фото: Twitter

Ислом динини қабул қилган франциялик футболчилардан яна бири Анелка бўлган. «Арсенал», «Реал», «Челси» ва ПСЖ каби гранд жамоалар таркибидаги ажойиб ҳаракатлари билан ёдда қолган Николя 2004 йилда исломга киради. Ўзининг айтишича, Париж атрофида жазоирлик муҳожирлар билан бирга вояга етгани уни ҳалол инсон бўлишига ва уларнинг динига киришига сабаб бўлган.

Пол Погба

Фото: Getty Images

«Манчестер Юнайтед»даги бир неча йиллик муваффақиятсиз ўйинларига қарамай, бугунги кунда дунёнинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири бўлиб турган Погба ҳам Ислом динига эътиқод қилади ва ҳатто 2019 йилда Ҳаж сафарини адо этган. Гарчи, онаси ислом динига эътиқод қилса-да, Пол туғилганида мусулмон бўлмаган ва кейинчалик бу қарорга келган.

«Ислом дини мени ўзгаришга ва ҳаётда кўп нарсаларни тушунишга мажбур қилди. Мен бунда хотиржамлик топдим. Фақат мусулмонлар орасидагина ирқчиликни кўрмадим», — дейди Погба.

Шунингдек, турли манбаларда Нидерландия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Робин ван Персининг ҳам ислом динини қабул қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бироқ футболчининг ўзи эътиқоди ҳақида омма олдида гапирмасликни маъқул кўради.

Улашинг: