Элдор Шомуродовни танқид қилганлар қани?

А Сериянинг 15-турида “Женоа” ўз майдонида “Лацио”ни қабул қилиб, бир очкони қўлга киритди. Ўйиннинг иккинчи ярмида майдонга тушган Элдор Шомуродов жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. У майдонни катта тезликда босиб ўтиб, Маттиа Дестрони қулай позицияга чиқарган пас берди ва генуяликлар жавоб голини урди.

Элдорнинг ўйини “Женоа” мухлисларига манзур бўлмоқда. Улар ҳамюртимизнинг ҳаракатларини ижтимоий тармоқларда муҳокама қиляпти ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Эътиборингизга генулиу футбол ишқибозларининг “Лацио” билан бўлган учрашувдан кейин Шомуродов ҳақида билдирган фикрларини ҳавола этамиз.

Luigi Bozzano:
Шомуродов учрашув тақдирини ҳал қила олиш қобилиятини яна бир карра намойиш этди. Италия кубоги доирасида “Сампдория”га қарши ўтказилган учрашувдаги каби тўпни бутун майдон бўйлаб олиб ўтди ва голли пас узатди. У жуда фойдали ўйинчи!

Ariano Merlo:
Мен учрашув бошидан Марко Пьяцани биринчи дақиқадан ўйнатиш хато эканини билгандим. Баллардини Элдорни майдонга туширганидан кейин Шомуродов ва Дестро дуэти жамоа ўйинини қандай ўзгартириб юборганини ҳамма кўрди. Менимча, мана шу икки ҳужумчи асосий таркибда бирга ўйнаши керак.

Daniele Sturla:
Шомуродов ва Дестро ўзаро ҳамкорликда зўр ўйнаяпти. Улар бир бирини жуда яхши тушунади. Бу ҳолатда Горан Пандев захирада қолиб кетиши мумкин. Аслида у фахрий футболчи ва бошланғич таркибда ўйнашга қийналяпти. Очиғини тан олайлик, анчадан бери жамоанинг ҳужум чизиғи янгиланишини кутаётган эдик. Мана шу кунлар ҳам келди.

Carlo Cibrario:
Баллардини Шомуродовга ишонмаётган эди. Энди жаноб фикрини ўзгартиришга мажбур бўлади. Элдор жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди.

Amilcare Giopp:
Кўпчилик ўзбек футболчиси ўзига сарф қилинган маблағларни оқлай олмаётганини гапирмоқда. Бу сафсата. Фактларга эътибор беринг. У майдонда жами 533 дақиқа ўйнади. Бу вақт мобайнида Элдор битта гол урди, иккита голли пас оширди, унинг хавфли зарбасидан кейин Дестро “Милан” дарвозасини ишғол қилди. Ўзбек ҳужумчиси 533 дақиқа ичида жамоанинг тўртта голида бевосита иштирок этди. Ажойиб самарадорлик. Кимлардир шунда ҳам уни танқид қилмоқда!

Riccardo Visconti: (Amilcare Giopp фикрига жавобан)
Уни танқид қилаётганлар футболни тушунадиган одамлар эмас, балки фақат голлар сонига қараб, хулоса қиладиганлардир. Қолган ҳамма Шомуродов жуда фойдали ўйинчи эканини яхши англаб турибди.

Manrico Gianelli:
Менга бу ўзбек футболчисининг бўйи баланд бўлишига қарамай, фантастик даражада тезкорлиги доим ёққан. Буни “Сампдория” ва “Лацио”га қарши ўйинларда кўрдик. У ўз жарима майдончасидан рақиб дарвозасига бўлган масофани бир ўзи босиб ўта олади.

Franco Truscello:
Шомуродов бизга керак эмас, деб танқид қилаётганлар қанисиз?

Улашинг: