Коронавируснинг янги тури Ўзбекистон чегарасига тобора яқинлашяпти

Коронавируснинг янги Буюк Британияда аниқланган янада юқумлироқ экани айтилаётган штамми Ўзбекистон чегараларига тобора яқинлашяпти. Бир неча кун олдин Туркияга кириб борган «британча» штамм, эндиликда Кавказортида ҳам аниқланди.

Грузиялик шифокорлар мамлакатда илк бор коронавируснинг Буюк Британияда пайдо бўлган турини аниқлашди. Бу ҳақда Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Касалликларни назорат қилиш ва жамоат саломатлиги миллий маркази матбуот хизмати хабар берди.

“Биз учта шубҳали ҳолатни ўргандик. Иккита ҳолатда янги штамм аниқланмади, бироқ учинчисида, декабрь ўрталарида олинган намуналарда “британча” штаммга хос S мутация ирсияти аниқланди”, дейилади хабарда.

Ташкилот маълумотига кўра, бемор 50 ёшдан ошган эркак киши. Унинг аҳволи қониқарли. У изоляцияга олинган ва у билан алоқада бўлганлар аниқланган.

Маълумот учун, бугунги кунда Грузияда 229 763 кишида коронавирус аниқланган. 222 405 нафар бемор соғайган ва 2 628 нафари вафот этган.

Улашинг: