Наманганда 12 киши ароқдан заҳарланди. Уларнинг икки нафари вафот этган

Наманган вилоятида 2020 йил охирларида 12 нафар фуқаро ўткир заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган, уларнинг икки нафари вафот этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Маълум қилинишича, Тўрақўрғон туманида 12 киши 29—31 декабрь кунлари Қирғизистон акциз маркаси ёпиштирилган «Градусник» номли спиртли ичимлик истеъмол қилганликлари оқибатида шифохонага ўткир заҳарланиш ташхиси билан ётқизилган.

Шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, уларнинг 2 нафари вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Улашинг: