Коронавирусни ўрганиш учун борган ЖССТ экспертлари Хитойга киритилмади

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус сешанба куни Хитой ҳукумати расмийлари коронавируснинг келиб чиқишини ўрганиш мақсадида йўл олган халқаро экспертларни ушбу мамлакатга киритмаганидан ташвишда эканини айтди.

ЖССТ раҳбарининг айтишича, дунёнинг турли мамлакатларидан тўпланган олимлар пандемия сабабларини ўрганиш учун сафарга тайёр, бироқ, расмий Пекнн ҳозирча бу сафарга розилик билдирмаган.

“Мен бу янгиликдан қаттиқ ташвишдаман, – деди Гебрейесус. – Гуруҳнинг икки нафар аъзоси бундан йўлда хабар топишди, қолганлар эса, сўнгги дақиқада йўлдан қайтишди. Мен хитойлик расмийлар билан боғланиб, бу иш ЖССТ ва бутун жаҳон ҳамжамияти учун ҳаёт-мамот масаласи эканини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Улар Хитой раҳбариятининг бу масаладан етарлича хабардор эканлиги, ички тайёргарлик ишлари якунланиши билан хорижлик экспертлар ташрифига рухсат берилишини билдиришди”.

Айни пайтда бутун дунёда пандемик вазият жиддийлигича қолмоқда. Буюк Британияда сўнгги кеча-кундузда 60 минг кишида коронавирус аниқланди. Бу мамлакат миқёсида пандемия бошланганиган бери энг юқори кўрсаткич. Мамлакат Бош вазири Борис Жонсоннинг айтишича, айни пайтдаги вазият мамлакатда учинчи бор карантин жорий этишдан бошқа чора қолдирмаган. Ҳозирда мамлакатда 1,3 миллиондан ортиқ инсон эмланган.

“Шундан 650 минг нафари 80 ёшдан ошган кексалардир, – деди бош вазир. – Бу Англиядаги 80 дан ошган фуқароларнинг 23 фоизини ташкил қилади. Шу тариқа икки-уч ҳафта ўтиб, аҳолининг нисбатан заиф қатламига мансуб ҳар тўртинчи одам сезиларли даражада иммунитетга эга бўлади”.

Германияда январь ойининг охирига қадар карантин чоралари кучайтирилган ҳолатда давом этади, шунингдек, вазият оғир бўлган ҳудудларда янги чекловлар киритилади. Энди фуқаролар фақат ўз оила аъзолари ва ундан ташқари яна бир нафар бегона киши билан мулоқотга киришишлари мумкин. Қариялар уйи ходимлари, ташриф буюрувчилар, янги келиб қўшилганлар муддатидан олдин экспресс-тестдан ўтишлари керак бўлади.

Улашинг: