Трампни қўллаб-қувватлаш учун уюштирилган намойиш Капитолий штурми билан тугади.

Фото: Meduza

Дональд Трамп тарафдорлари 6 январь куни Вашингтондаги Конгресс биносига бостириб кирди. Улар Сенат ва Вакиллар палатаси аъзоларининг президент сайлови якунларини тасдиқлаш бўйича ўтказаётган қўшма мажлисини тўхтатиб қўйди. Президент сайловида демократлар номзоди Жо Байден ғалаба қозонган эди.

Белгиланган (одатда расмиятчи) жараёнга кўра, штатлар вакиллари алифбо тартибида чиқиб, сайловчиларнинг овоз бериш якунларини ўқиб эшиттираётган эди. Бироқ мажлиснинг бошидаёқ, навбат эндигина Аризонага келганида, Республикачилар партияси вакиллари томонидан билдирилган норозилик сабаб мажлисни тўхтатишга тўғри келган эди. Мажлис иштирокчилари ушбу норозиликларни муҳокама қилиш учун ўз палаталарига тарқаб кетган эди, деб ёзади Meduza.

Худди шу вақтда Вашингтонда Трамп тарафдорларининг кўп минг кишилик норозилик намойиши бўлиб ўтаётган эди. Намойиш «Американи қутқариш марши» деб номланган. Митингда чиқиш қиларкан, АҚШнинг амалдаги президенти шундай деди: «Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, биз ҳеч қачон мағлубиятни тан олмаймиз», шунингдек, ўз тарафдорларини Конгрессга бориб, «бизнинг жасур сенаторларимиз,конгрессмен ва конгрессвуменларимизни олқишлаш»га чақирди. Натижада Капитолийга бир неча минг киши келди ва кўп ўтмай улар бинога бостириб кирди. Уларнинг айримлари, кўринишидан, қуролланган эди. Конгресс аъзолари дарҳол эвакуация қилинди.

Тўқнашувлар вақтида тўрт киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида Капитолий биносида ўқотар қуролдан яраланган аёл ҳам бор. Ушбу маълумот Вашингтон шаҳар полиция департаменти томонидан тасдиқланди. Яна бир неча киши, жумладан, полициячилар тан жароҳати олган. Жабрланувчилардан бирининг аҳволи оғир экани айтилмоқда — у Капитолий деворига чиқишга уринган вақти 10 метр баландликдан тушиб кетган.

Капитолийни эгаллаб олган одамлар махсус кучлар томонидан тарқатиб юборилди. Камида 52 киши қўлга олинган. Орадан бир неча соат ўтиб, тартиб қайта тиклангач, сенатор ва конгрессменларнинг қўшма мажлиси қайтадан бошланди.

Трамп Twitter’даги саҳифасида видео эълон қилди, унда президент «сайловлар ўғирлангани», унинг натижалари «фирибгарлик» эканини яна бир бор таъкидлаган. Айни вақтда у ўз тарафдорларини тарқалишга, зўравонликка қўл урмасликка ва тартибни сақлашга чақирди. Кўп ўтмай Twitter Трампнинг бу хабарини ижтимоий тармоқ қоидаларига зид деб топиб, ўчириб ташлади ва АҚШ президенти аккаунтини 12 соатга блоклаб қўйди. Компания навбатдаги қоидабузарликлардан сўнг Трамп аккаунтидан бутунлай айрилиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Трампнниг Facebook’даги аккаунти ҳам 24 соатга блокланган.

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Трамп тарафдорларининг ҳаракатларини исёнга қиёслади. «Демократиямиз қиёси йўқ ҳужумга учради. Сўнгги вақтларда биз ҳеч бундай воқеанинг гувоҳи бўлмагандик. Бу озодлик қўрғони, Капитолийнинг ўзига қилинган ҳужумдир… Биз қонунбузарликка қўл урган экстремистларнинг катта бўлмаган гуруҳини кўриб турибмиз. Бу келишмовчилик эмас, бу тартибсизлик. Бу хаос. Бу исёнга яқин нарса. Бунга ҳозироқ барҳам бериш керак», — деди Байден.

Колумбия округида комендантлик соати эълон қилинди – у маҳаллий вақт билан 6 январь соат 18:00 дан бошлаб 12 соат амал қилади. Вашингтон мерии Мюриэл Баузернинг илтимосига кўра, Миллий гвардиянинг мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси тартибни сақлаш учун жалб қилинган.

Демократик партиядан сайланган конгрессменлар Трампни импичмент қилишга чақирди. Уларнинг фикрича, Трамп эгаллаб турган лавозимидан зудлик билан четлатилиши лозим — ваҳоланки, Трамп бор-йўғи яна икки ҳафта, Жо Байденнинг инаугурациясига қадар президентлик қилади, холос. Массачусец штатидан Вакиллар палатасига сайланган Кетрин Кларк Трампни мамлакат ва Америка халқини хавф остида қолдираётган хоин деб атади. Нью-Йорк штати вакили Александрия Окасио-Кортес шундай твит қолдирди: «Импичмент эълон қилиш керак».

Улашинг: