Зафар Ҳошимов битта авторақам 600 млн сўмга сотиб олинганига муносабат билдирди

Фото: Дарё / Мадина Нурман

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида фаолият олиб борувчи «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов битта авторақам салкам 600 млн сўмга сотилганига муносабат билдирди.

Тадбиркорнинг айтишича, у ҳеч на телефон ва на автоуловда «чиройли» номерга эгалик қилишга қизиқмаган. Аксинча, бундай рақамлар қанча одамлар эсида кам қолса, эгасига шунча яхши. Лекин шу борада ўша номерни давлат томонидан сотилиши ва кимдир уни расман шундай пулга олишини ҳам ёмонламайди.

«Бир томондан, аввал ҳам шундай ‘блатной’ номерлар норасман сотилган ёки ‘сендан угина мендан бугина’ йўсинда тақсимланган, фақат давлатга, элга ундан ҳеч қандай наф бўлмаган. Ҳозир мана ярим миллиарддан ортиқ пул нақд давлат ғазнасига тушди. Умид қиламиз, Иншааллоҳ, бу маблағда ўша ҳамма танқид қилувчилар жон куйдираётган етимлар-у камбағалларнинг ҳам улуши бор.

Иккинчи томондан, шунақа номерни ҳавас қиладиган одам иштиёқи шу қадар баланд экан, яхшиямки у пулини номерни пора бериб олиш ўрнига ёки бошқа ҳар хил беҳуда орзу ҳавас ўрнига тўлалигича давлат ҳисобига туширди. Пул эгаси ҳам ўзи, уни ишлатиши ҳам ўзининг иши ва бу каби ишлатиш натижасида фойда эл ҳисобига келгани учун, уни тоза исроф дейишга тилим тўнмаяпти. Қанийди ҳамма беҳуда харажатлар шу каби тўла давлат ҳисобига тушса эди, бюджет тўлиб, солиқлар ҳам қисқарармиди
», — деган Зафар Ҳошимов ва номер эгасига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, 4 январь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятига тегишли бўлган 30 Z 777 ZZ авторақамини тақиб юрган автомашиналар фото ва видеолавҳаси тарқалганди. Шундан сўнг Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси тарқалган фото ва видеолавҳага муносабат билдириб, 30 Z 777 ZZ давлат рақам белгиси вилоят ИИБ ЙҲХБ ихтиёрида сақланаётгани, ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеотасвирдаги автомашиналар тақиб турган рақам фотошоп дастури орқали қўйилганини маълум қилди.

Шу куннинг ўзидаёқ ушбу авторақам ўтказилган онлайн савдоларда 596 миллион 525 минг сўмга сотилди.

Маълумот учун, авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи давлат бюджетига, 20 фоизи Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар махсус жамғармасига йўналтирилади.

Улашинг: