Ўзбекистонлик ҳамда россиялик олимлар коронавирусни қандай йўқ қилишни аниқлашди

Ўзбекистон ва Россия олимлари нурланишнинг кичик дозалари одамга зарар бермасдан коронавирус инфекциясини, шу жумладан, вирус мутацияларини йўқ қилишини аниқлашди.

Бу ҳақда “РИА Новости” Урал Федерал университети матбуот хизматига асосланиб хабар берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Урал Федерал университети мутахассислари худди шундай хулосага келишган.

«Ушбу ғоянинг моҳияти шундаки, коронавируснинг улкан РНК молекуласи инсон ҳужайрасига кириб бориши билан узунлик бўйлаб кўплаб соҳаларда кучли деформацияга учрайди», дейилади матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, олимлар РНК молекуласи бўйлаб зарарланган қисмлар ултьрабинафша нурига соғлом ҳужайралар молекулаларига қараганда минг марта сезгир эканлигини аниқлашган. Кейинчалик мутахассислар вирус учун зарарли бўлган нурланишнинг кичик дозалари соғлом ҳужайралар учун мутлақо хавфсиз бўлади, деган хулосага келишган.

Айни пайтда олимлар гуруҳи даволаш усулини ишлаб чиқиш устида ишлашмоқда.

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, нурланиш нафақат CОVID-19, балки бошқа вируслар, хусусан, унинг мутатсияси учун ҳам мўлжалланган.

Улашинг: