Tashkent City паркига пуллик кириш тартиби 31 мартга қадар узайтирилди.

Tashkent City халқаро ишбилармонлик марказидаги парк ҳудудига пуллик кириш тартиби 31 мартга қадар узайтирилди. Марказ дирекциясининг бу ҳақдаги буйруғи 11 январь куни чиқарилган.

Tashkent City’нинг паркига кириш Янги йил байрами арафасида — 2020 йил 17 декабрь куни пуллик қилиб белгиланган эди. Кириш чипталари нархи 5 ёшгача бўлган болаларга — бепул, 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун — 5 минг сўм, 12 ёшдан катталар учун — 10 минг сўм, пенсионерларга — 5 минг сўм (гувоҳнома бўлган тақдирда), ногиронлиги бўлган шахсларга — бепул (гувоҳнома бўлган тақдирда), енгил автомобилда кириш — 20 минг сўм (йўловчиларни ҳисобга олган ҳолда).

Ўшанда Сити дирекцияси раҳбари Баҳром Ризаев «пуллик режим бир ойга режалаштирилгани, кейинги натижаларга қараб бирор-бир хулосага келиниши»ни маълум қилган эди. Дастлабки режа бўйича, пуллик кириш тартиби 10 январга қадар давом этиши керак эди. Бироқ 11 январь куни Баҳром Ризаев пуллик кириш тартибини 31 мартга қадар узайтириш тўғрисида буйруқ чиқарган.

Буйруқда таъкидланишича, пуллик кириш тартиби парк фаолиятини сақлаб туриш харажатларини ҳамда боғ инфратузилма ва объектларини 2021 йилги мавсумга тайёрлаш харажатларини молиялаштириш мақсадида узайтирилган. Сити ҳудудига кириш тарифлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Парк ҳудудига пуллик кириш тизими айнан қандай омиллардан келиб чиқиб белгилангани юзасидан «Дарё» мухбирининг сўровига дирекция раҳбари Баҳром Ризаев жавоб беришдан бош тартди.

Мусулмонбек Иброҳимов

Улашинг: