Россияда COVID-19’га чалинганлар сони 3,5 млн кишидан ошди

Сўнгги бир кеча-кундузда Россияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ яна 24 715 та ҳолат қайд этилди, деб хабар беради «РБК» COVID-19 тарқалишига қарши кураш бўйича тезкор штаб баёнотига таяниб.

Бу бир суткалик касалланиш ҳолатлари 24 минг кишидан ошиши кузатилаётган иккинчи кундир. Пандемия бошидан буён мамлакатда ҳаммаси бўлиб 3,5 миллион киши вирусни юқтирган.

Сўнгги 24 соат ичида 555 киши вафот этган. Жами ўлим ҳолатлари сони 64 495 тага тенг. Бир суткада 27 636 киши, пандемия бошидан буён — 2 909 680 киши соғайган.

Москва шаҳрининг ўзида сўнгги бир кеча-кундузда коронавирусга чалинган 81 киши вафот этган, бу тезкор штаб маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён энг юқори кўрсаткичдир. Бундан аввалги рекорд 30 майда қайд этилган, ўшанда пойтахтда 78 киши вафот этган эди.

Янги маълумотларни ҳисобга олганда Москвадаги жами ўлимлар сони 12 241 тага етган.

Улашинг: