Расул Кушербаев ҳокимларни ноқонуний «снос» бўйича ҳушёр бўлишга чақирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ноқонуний «снос» учун алоҳида жавобгарлик белгиланган қонун ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Ниҳоят Президент «Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни имзолади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс ва Жиноят Кодексига қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача (22 млн 300 минг сўмдан 33 млн 450 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар мазкур ҳуқуқбузарлик мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача (33 млн 450 минг сўмдан 44 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

Агар мансабдор шахс маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран ерларни ноқонуний олиб қўйса Жиноят Кодексига асосан қуйидаги жазо чоралари қўлланади:

— базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 250 бараваригача (44 млн 600 минг сўмдан 55 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима;
— 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
— 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Мазкур жиноят мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса мансабдор шахс 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ерни ноқонуний олиб қўйиш мулкдорга жуда кўп миқдорда зарар етказса ёки кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, мансабдор шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум этилиб, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳурматли ҳокимлар энди ҳушёр бўлишлари керак. Чунки уларнинг ноқонуний «снос»лари маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади, камига жиноий жавобгарликка тортилиб қолишса депутатликдан ҳам маҳрум бўлиб, Кенгашларга раислик қила олишмайди. Ҳушёр бўлинг!» деб ёзади депутат.

Улашинг: