XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Огоҳ бўлинг: Ўзбекистонда янги гиёҳванд модда оммавий равишда, қонуний тарқатилмоқда

    Янв 18, 2021

    Тошкент шаҳар ИИБ маълумотига кўра, мактабда рейдлар ўтказилганда ўқувчиларнинг чўнтакларида «UzBAT» МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган «LYFT» маркали, Ҳиндистонда тайёрланган «COOL LIP» никотинли «снюс»лар топилган.  Бу ҳақда «rost24.uz» сайти ёзиб чиқди. Ўз навбатида депутат Расул Кушербоев шу муаммога эътибор қаратди.

    Бунда ўқитувчилар баъзи бир ўқувчиларнинг дарсда ўзини ғалати тутишларини: бефарқлик, ўзлаштириши пастлигини қайд этадилар. Кейинчалик бундай хулқ-атвор бу ўқувчиларнинг никотинли «снюс» истеъмол қилиши билан боғлиқлиги аниқланган. 

    Упа, ширинлик шаклида, ёқимли ҳид ва таъм берадиган ваниль, шоколад, ментол таъмли никотинли маҳсулотлар (никотинли «снюс») бугун ёшлар орасида оммалашиб бормоқда. 

    Ёшлар кўп борадиган чакана савдо дўконларида тамакили ва никотинли маҳсулотларни реклама қилиш ва сотувларини рағбатлантириш, маҳсулотни ширинликлар, қандолат маҳсулотлари ва салқин ичимликларга яқин жойлаштириш, ижтимоий тармоқларда машҳур шахслар ва етакчилар томонидан реклама қилиниши, ўйинлар ва танловлар ўтказилиши – буларнинг барчаси тамаки ишлаб чиқарувчиларнинг савдога ёшларни жалб қилишга қаратилган айёрона маркетинг усулларидир. Бу усулларни биздаги мавжуд қонунлар чеклай оладими? 

    Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти Шуҳрат Шукуровнинг маълумот беришича, никотинли «снюс», бу – ёшлар учун янги гиёҳванд модда. 

    «Ишлаб чиқарувчиларнинг маълумотларига кўра, никотинли «снюс» никотин ва целлюлоза аралашмаси асосида, стабилизаторлар, таъмни ширин қилувчилар, ароматизаторлар, консервантлар ва бошқа қўшимчаларни қўшган ҳолда тайёрланади. 

    Истеъмолчилар (айниқса ўсмирлар), агар ушбу аралашмалар таркибида тамаки бўлмаса, унинг зарари ҳам йўқ, шунингдек, улар чекишни ташлаётганда никотинга қарамликни енгишда ёрдам беради, деб ҳам ҳисоблайдилар. Аммо бундай эмас! 

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, организмга ушбу моддаларнинг таъсири унинг таркибидаги кучли наркотик таъсирга эга бўлган ва ўзига қарамликни келтириб чиқарадиган никотин билан боғлиқ. 

    Бу хавфни героин, кокаинга қарамлик ривожланиши хавфига тенглаштириш мумкин, у алкоголь ва каннабис хавфидан юқори», дейди Шуҳрат Шукуров. 

    «Яна бир ҳушёрликка чорлайдиган масала қаршисида турибмиз. Бу муаммони ечишда зудлик билан қонунчиликни такомиллаштириш зарурлиги кўринмоқда. Акс ҳолда кимларнингдир лоббизми, деб анча кеч қоламиз ва оқибати учун ёшлар билан жавоб берамиз», деб ёзади Кушербоев.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!