Қуролланган америкаликлар тўртта штатдаги парламент бинолари қаршисида тўпланди (видео)

Фото: The New York Times

Қуролланган норозилик намойиши иштирокчилари Огайо, Техас, Орегон ва Мичиган штатларидаги Капитолий биноси қаршисида тўпланди, деб хабар беради The New York Times. Мичиган штатидаги бино олдида ўнлаб қуролланган фуқаролар йиғилган.

16 январь куни Вашингтон полицияси АҚШ Конгресси биносига бостириб киришга уринган қуролланган эркакни қўлга олган эди. Қўлга олинган шахс Виржиния штатида истиқомат қилувчи Уэсли Алан Билер бўлиб чиққан. У автомобилида Капитолий олдидаги назорат-ўтказиш пунктига келган, бироқ унинг ҳудудга кириш рухсатномаси ҳақиқий бўлиб чиқмаган. Полициячилар унинг пистолети ва 500 дан ортиқ патронларини олиб қўйган. Натижада эркак рўйхатга олинмаган ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни сақлагани учун ҳибсга олинган.

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденнинг инаугурацияси олдидан Вашингтонда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган. Мамлакат Миллий гвардияси матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Байденнинг инаугурация вақтида Вашингтонга 25 мингга яқин Миллий гвардия ҳарбийлари жалб этилади.

Аввалроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Американинг барча штатлари марказлари ва Вашингтонда 16—20 январь кунлари қуролли норозиликлар режалаштирилаётгани ҳақида огоҳлантирган эди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп тарафдорлари 6 январь куни Капитолийга бостириб кирган эди — бу вақтда Конгресснинг ҳар иккала палатаси ноябрда ўтган президент сайлови якунларини (унда демократ Жо Байден ғалаба қозонган) тасдиқлаётган эди. Тартибсизликлар давомида беш киши, жумладан, Капитолий полициясининг бир ходими ҳалок бўлган. Трамп бу тартибсизликларни, улар ўз тарафдорлари томонидан амалга оширилган бўлса-да, қоралаб, барча айбдорлар жавобгарликка тортилишини таъкидлаган эди.

Ҳуқуқ-тартибот органларининг штурм вақтидаги хатти-ҳаракатлари жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди, хусусан, Конгресс қуйи палатаси спикери Нэнси Пелоси ҳам уларни кескин танқид қилди. Associated Press маълумотларига кўра, тартибсизликлар юз беришидан бир неча кун аввал Капитолий полициясига кўмак сифатида Миллий гвардия жангчилари ва ФҚБ агентларини ажратиш таклиф қилинган, бироқ полиция бу имкониятдан фойдаланмаган. Тартибсизликлардан сўнг Капитолий полицияси раҳбари истеъфо берди.

Улашинг: