«Янги Ангрен» ИЭСда портлаш юз берди. Уч киши ҳалок бўлди

    Янв 20, 2021

    20 январь куни соат 11:42 да Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг портлаши содир бўлди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

    Қайд этилишича, режали хизмат кўрсатиш пайтида содир бўлган ҳодиса оқибатида уч киши олинган жароҳат сабабли вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳати олган.

    Вафот этган ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб бораётган хизмат кўрсатиш ходимлари бўлган.

    Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг куч ва воситалари воқеа жойида вазият оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқда. Портлашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошланган.

    Ҳодиса натижасида Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг инфратузилмаси ва технологик ускуналарига шикаст етмаган. Вазирлик қўшимча маълумот келиб тушиши билан расмий ресурслар орқали эълон қилинишини билдирди.

    Бош прокуратур матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!