«Норозилик кайфияти кучайиб кетяпти. Бу кайфият бутун жамиятга тарқаб кетса, бизни даҳшатли келажак кутмоқда» — Раҳмон Қўчқор

20 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тадбирлар залида ўзбекистонлик 15 нафар ёш ижодкорнинг чоп этилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. «Kun.uz»нинг ёзишича, тақдимотда чиқиш қилган адабиётшунос Раҳмон Қўчқор ижодкорларнинг янги китоблари ҳақида, шунингдек, ўзининг фикрича, ўзбек жамиятида охирги вақтларда пайдо бўлаётган «миллий нигилизм» борасида фикрларини билдирган.

«Мен ижтимоий тармоқларни имкон қадар кузатиб бораман. Кузатаман-да, у ердаги охирги вақтларда кучайиб кетаётган ахлатбозорлик, оғзи шалоқлик, ғийбат, уятсизлик ва оломон психологиясини ҳис қиламан.

Мен бир нарсадан чўчияпман, дўстлар: бизда миллий нигилизм пайдо бўляпти.

Воқеликлардан хулоса қилинса, бизнинг ёшлар ўзининг халқидан, миллатидан безиб бораётгандек туюляпти. Миллий нигилизм пайдо бўляпти. Бу жуда ёмон ҳолат, дўстлар.

Тармоқларни қаранг, ҳамма ёқ норозилик. Бизда оломон психологияси жуда кучайиб кетди. Йўқ, бу шахс психологияси эмас. Оломон психологияси деганимки, томошага ўч бўлиб кетяпмиз. Ўзингиз учун бўлса ҳам жавоб беринг. Эрталаб ижтимоий тармоққа нима учун киряпсиз? Кўпчилик томоша учун киряпти. Ким нима қовун туширганини кўриш учун киряпти. Бизда психологик истаклар вектори ўзгариб кетди.

Буни кимдир билмасдан, яна кимдир жуда яхши билиб қиляпти. Норозилик кайфияти кучайиб кетяпти. Агар бу кайфият бутун жамиятга тарқаб кетса, бизни даҳшатли келажак кутмоқда. Агар вақтида бунинг олдини олмасак, бугунги кунларимиз, тушиб қолган аҳволимиз ҳам ҳолва бўлиб қолади», – деган адабиётшунос.

Нигилизм (лотинча «nihil» — «ҳеч нима») оламнинг, айниқса, инсониятнинг объектив қиймати йўқ, деб уқтирувчи фалсафий оқимдир. Мавжуд ижтимоий ҳаёт шакли ва ахлоқий нормаларни, маданий мерос ҳамда идеалларни инкор этиш. Ижтимоий-тарихий тараққиёт инқирозга учраган даврларда, айниқса, кенг ёйилади.

Раҳмон Қўчқор фикрлари давомида бу вазиятдан чиқиш йўллари ҳақида ҳам гапирган. Унга кўра, вазиятдан чиқишнинг ягона йўли жамиятдаги ҳар бир киши ўз вазифасини ҳалол бажаришида.

Бу вазиятни тўғрилаш учун ҳар бир киши ҳалол ишлашга ўтиши керак. Масалан, ёзувчи ўз асарини, шоир шеърини виждонан ёзиши керак. Вазирлар Маҳкамаси ходимлари, Президент администрацияси вакиллари, электрик, фаррош, деҳқон, умуман, ҳамма ўз ишини тўғри қилиши керак.

Келинглар, иш вақтида, бор-йўғи 8 соат ҳалол меҳнат қилайлик. Ишонтириб айтаман, вазиятни ўнглаш учун бошқа нарса керак эмас. Ҳаммаси жойига тушади. Тушунинглар, ҳамма ўз ишини тўғри қилса, ҳалол қилса, ўнгланамиз. Фаррош ўз ишини ҳалол қилар экан, атрофни ахлат босмайди, амалдор тўғри ишлар экан, ўша тизимни ахлат босмайди.

Ҳаммаси, ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ, дўстлар. Барчамизни дардимиз бир, келинглар, бирлашайлик.

Шу ўринда европалик машҳур файласуфнинг гаплари ёдга тушади.

«Кимдир кафтдаги бармоқларда эркаланиб яшаётган бўлса, у унутмасинки, ўша кафт билан оёқ бармоқлари орасидаги масофа жуда узоқ эмас. Агар оёқ бармоқлари орасида яшаётганлар ҳолидан хабардор бўлинмаса, оёқ чирийдиган бўлса, кафт ҳам қулайди. Кафт ҳам кунпаякун бўлади». Кўзимизни очайлик.

Раҳмон Қўчқор, адабиётшунос

Улашинг: