Расул Кушербаев 2 ёшгача бола пулини олишни ҳаммага қайтариш кераклигини айтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев 2 ёшгача бола пулини ҳаммага қайтаришни талаб қилмоқда. Унинг айтишича, бу борада кўплаб аёллардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Камбағалми, бойми — ҳаммага бола пули берилиши лозим.

«Токи ҳамма болаларга уларнинг ҳақини қайтариб бермас эканмиз, биз катталарнинг болалар олдида юзимиз ёруғ бўлмайди. Ишимиз ҳам… Молия вазирлиги ва бошқа масъуллар шу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўрайлик», — деган депутат. Шунингдек, Меҳнат кодекси ҳозир янги таҳрирда кўриб чиқилаётганини билдириб ўтган.

Маълумот учун, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Республика «Маҳалла» жамғармаси, «Халқ банки»нинг 2002 йил 8 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ишламаётган оналарга болани икки ёшга тўлгунча парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида» низом мавжуд бўлиб, унда 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақасини тайинланиш шартлари батафсил кўрсатилган.

Ушбу низомнинг 6-қисмида бола парвариши учун нафақа она ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахс (отаси, васийси ёки бошқа қариндоши) томонидан фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларига қилган мурожаатлари орқали бола туғилганидан 1 ой ўтиб тўланиши кўрсатилган. Нафақа 12 ойлик муддатга, лекин бола 2 ёшга тўлиши ҳисобга олиниб тайинланади.

Ушбу низомниг 10 ва 11-қисмларида нафақа тайинлаш шартлари кўрсатилган. Низомнинг 10-қисмида нафақа оиланинг даромадидан келиб чиқиб белгиланиши айтилган. Оиланинг даромади ҳисобга олинмайдиган ҳолатлар ҳам мавжуд бўлиб, улар 10-қисмнинг «а» ва «б» бандларида кўрсатилган:

а) оила тўлиқ ҳолатда бўлмаган шароитда болани тарбиялаётган ота ёки онага. Бундай ҳолатда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аниқ ҳолатни ҳисобга олиб, оиласи тўлиқ бўлмаган ҳолатда болани тарбиялаётган она (ота)га тайинланади.

б) ногирон болани тарбиялаётган она (ёки ўрнини босувчи шахс)га. Бунда қайси боласи ногирон эканлиги муҳим эмас.

Бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 фоизи миқдорида бўлиб, 21 январь ҳолатига кўра 446 минг сўмга тенг.

Улашинг: