Қор ва кучли шамол Андижон вилоятининг бир қатор туманларини чироқсиз қолдирди

Ноқулай об-ҳаво шароити сабабли Андижон вилоятининг айрим туманларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

22 январь куни соат 8:12 да «Андижон» подстанциясида фавқулодда ҳимоя таъсирида 110 киловолтли «Гулшан» ҳаво тармоғи юқори фазасида шлейф узилиши оқибатида Андижон вилоятининг Хўжаобод, Жалақудуқ, Булоқбоши, Қўрғонтепа туманлари электр таъминотида автоматик равишда чекловлар киритилган.

«Айни вақтда юзага келган узилишларни бартараф этиш учун барча ходимлар жалб қилиниб, тезкор ишлар ташкиллаштирилган. Носозликларни бартараф этиш ишлари Андижон вилоятининг ҳар бир шаҳар ва туманларида кечаю-кундуз тўхтовсиз амалга оширилади», — дейилади корхона ахборотида.

Корхона матбуот хизмати юзага келган муаммо 22 январнинг ўзида «тез фурсатларда» бартараф этилишини ваъда қилиб, келтирилган ноқулайликлар учун электр энергияси истеъмолчиларидан узр сўраган.

Улашинг: