Тошкент ИИББ пойтахтда кучли шамол бўлиши кутилаётгани сабабли аҳолини огоҳлантирди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пойтахтда кучли шамол бўлиши кутилаётгани сабабли аҳолидан эҳтиёт чораларини кўришни сўради.

ФВВ хабарига кўра, Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида кучли қор ёғиб, ҳаво ҳарорати кескин пасайган. Яқин сутка ичида пойтахтда ҳам ҳаво ҳарорати пасайиши ва шамол кучайиши кутилмоқда.

ИИББ хабарида мулкка зиён етишининг олдини олиш учун дарахтлар тагида ва реклама устунлари яқинида қолдирилган автомобилларни хавфсизроқ жойга қўйиш сўралган.

Шунингдек, уй деразаларни маҳкам ёпиш, ташқи токчадан гултуваклар ва бошқа буюмларни олиб қўйиш тавсия этилган. Бундан ташқари, электр билан боғлиқ узилишлар юзага келган тақдирда маиший электр ускуналарни электр тармоғидан узиб қўйиш кераклиги эслатиб ўтилган.

«Ўзгидромет» 22 январь куни республика ҳудудлари бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши, тоғолди ва тоғли ҳудудларда қор, баъзи жойларда кучли қор ёғиши, Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмаслигини маълум қилганди. 21—22 январь кунлари эса шамол 17-22 метр/секундгача кучайиши кутиляпти, баъзи жойларда 25-28 метр/секундгача етиши мумкин.

Улашинг: