«Опа, сиз менга ‘понятка’ берманг». Яккабоғ туманини 10 кунлик ёш ҳоким мурожаатчи фуқаро билан тортишди

Сетора Эргашева.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувлардан маълум бўлишича, фуқаро ёш ҳоким билан телефон орқали мулоқотида унинг муомаласидан норози бўлиб, шикоят қилган.

Ёш ҳоким Сетора Эргашева эса фуқаро билан мулоқотда у мурожаат қилган пайтда ходимларига бақириб, улар билан гаплашаётганини таъкидлаган ва уни эшитмай қолганини айтган.

«Опажон, сиз менга нима деётгандингиз, мен мана буларга бақириб, ану қилаётган пайтим эди. Сиз менга нима деяпсиз?», — дейди ёш ҳоким.

Мазкур гапга жавобан фуқаро ёш ҳокимга ҳеч кимга бақиришга ҳаққи йўқлигини эслатиб, «Кимга бақиряпсиз?» дея савол беради.

Сетора Эргашева эса бунга жавобан фуқарога «Менинг қўл остимда қанча одамим ва қанча муаммом борлигини биласизми?», — дейди.

Ўзаро суҳбатда фуқаро ёш ҳокимга ҳали ёшлигини, фуқароларга яхши муносабатда бўлишини айтиб, «Муомала маданиятини ўрганинг», — дейди. Яккабоғ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Сетора Эргашева эса «Опа, сиз менга ‘понятка’ берманг», — дея жавоб беради.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувда, шунингдек, ёш ҳоким фуқарога телефон қўнғироғига жавоб берганини айтиб, «Қайси ҳоким телефонингизга жавоб берган?», — дейди. Фуқаро эса туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев телефон қўнғироқларига тезда жавоб берганини билдиради.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Яккабоғ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов 10 кун муддатга ҳокимлик вазифасини бажараётган Сетора Эргашева Жаҳон тиллари университетининг биринчи курс талабаси ва Президент стипендияси соҳибаси эканлигини маълум қилди.

«Сетора Эргашева мактабни олтин медал билан тамомлаган ва грантга ўқишга кирган. Унинг ташаббуси билан Яккабоғда кам таъминланган оилалар фарзандларининг ўқиши учун ўқув марказ ташкил қилиниб, ‘Президент’ ўқув маркази деб номланган», — дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари.

Шерзод Ҳасанов ёш ҳоким ва фуқаро нима сабабдан тортишганига Сетора Эргашева билан суҳбатлашгач ойдинлик киритишини маълум қилди.

Улашинг: