Қашқадарёдаги мактабларда Ислом Каримов бюсти учун мажбурий пул йиғилгани ҳақида хабарлар тарқалди

Ижтимоий тармоқларда «Биз ўқитувчилар томонидан мурожаат қилаяпмиз. Яқинда директор ҳокимликдан Ислом Каримов бюстини кўтариб келди». «Бюстнинг нархи 450 минг сўм экан. Мактаб ходимларига бўлиб чиқсак, ҳар кимга 10 минг сўмдан тўғри келар экан. Ҳамма шу пулни берсин. Кейин йиғилган пулни ҳокимиятга олиб борамиз», деди директор. «Ўзи пандемия даврида зўрға ўтирган бўлсак, биздан яна мажбуран пул йиғишаяпти. Йиғ-йиғлар жонимиздан ўтиб кетди» номли хабарлар пайдо бўлди. Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси мазкур хабарларга муносабат билдирди.

«Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳамда келажак авлодга етказиш бўйича тайёрланган бюстларни вилоятдаги идора, корхона, ташкилот ва муассасаларга ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларга етказиб бериш тўғрисида таклифий тақсимот жадвалига кўра, вилоят халқ таълими бошқармасига 200 дона тақсимот қилинган. Ушбу бюстлар вилоят халқ таълими бошқармасининг ички тақсимоти асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига тақсимлаб берилган. Жумладан, Чироқчи туманига 30 дона, Қарши шаҳрига 9 дона, Қарши туманига 12 дона, Миришкор туманига 7 дона, Ғузор туманига 12 дона, Деҳқонобод туманига 17 дона, Қамаши туманига 15 дона, Косон туманига 18 дона, Китоб туманига 16 дона, Муборак туманига 6 дона, Нишон туманига 7 дона, Касби туманига 10 дона, Шаҳрисабз туманига 15 дона, Яккабоғ туманига 18 дона, Шаҳрисабз шаҳрига 4 дона бюстлар тақсимот қилинган.

Ҳозирда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида ҳомийлик ёки бюджетдан ташқари тушган маблағ асосида шакллантириб, мактабларга тарқатиш учун сақланмоқда.

Қолган 5 та туманда Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг бюстлари, ўзлари ташаббус кўрсатган мактаб директорларига тарқатилган. Жумладан, Чироқчи, Муборак, Қарши, Косон, Деҳқонобод туманлари мактабларига тарқатилиши тақсимот қилинган бўлиб, пул маблағлари мактаблар жамоасидан йиғиб олинмаганлиги маълум бўлди», дейилади хабарда.

Улашинг: