«Қайси тилда гапирсанг ҳам майли, ‘подводить’ қилмасанг бўлди» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 21 январь куни Бухорога амалга оширган ташрифи давомида шамолдан зарар кўрган Олот туманига боргани тўғрисида хабар берилганди. Ташриф давомида Президент туман марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркон туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашди ва аниқ таклифлар билан чиққан фуқароларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Давлат раҳбарининг вилоят аҳолиси билан учрашувида «Оқсув» МФЙ раиси ўз маҳалласида 214 нафар ишсиз фуқаро ва 4 нафар тадбиркор борлигини маълум қилди. Маҳалла раиси тадбиркорлардан бири шаҳарда ижарада туриб фаолият кўрсатаётгани, маҳалланинг етти нафар фуқаросини иш билан таъминлаганини айтган ва Президентдан унинг қишлоқда фаолият кўрсатиши учун ер сўраган.

«Ер берса бўлди, ўзи ҳамма биносини тиклаб, еттита эмас, 15 та фуқарони иш билан таъминлайман деяпти», — дейди маҳалла раиси.

Бунга жавобан Шавкат Мирзиёев шу каби таклифлар кераклигини таъкидлаган.

Суҳбат давомида ҳаяжонга тушган маҳалла раиси Президентга «бундан кейин сизни ‘подводить’ қилмаймиз», дея ваъда берган ва ўз фикрини ўзбек тилида билдирмагани учун дарҳол узр сўраган.

«Майли, майли, ‘подводить’ қилмасанг ҳам майли. Қайси тилда гапирсанг ҳам майли, ‘подводить’ қилмасанг бўлди», — дея Президент ҳолатни ҳазилга йўйиб кетган.

Улашинг: