Дунё бўйича мудофаа харажатлари 2020 йилда 1,9 трлн долларгача ўсди

2020 йилда дунё  бўйича мудофаа харажатлари 1,9 фоизга ўсди, деб ёзади «РБК» мудофаа соҳасидаги очиқ маълумотларни таҳлил қилиш билан шуғулланувчи Жанес агентлигига таяниб.

Фото: «ТАСС»

Ўтган йилда харажатларнинг умумий ҳажми 1,93 триллион долларни ташкил этган, 2019 йилда у 1,8 триллион долларга тенг бўлган. 2010 йилда эса харажатлар ўтган йилгидан 180 миллиард долларга камроқ бўлган.

2020 йилда харажатлар энг кўп Европа мамлакатларида ўсди — улар бир йил аввалгидан 5,6 фоизга кўпроқ бўлди. 2021 йилда харажатлар ўсиши бироз секинлашади, деган фикрда таҳлилчилар. Бу йил мудофаа харажатларининг секинлашишига COVID-19 пандемияси оқибатлари сабабчи бўлади, аммо харажатларнинг қисқариши нефть каби хом ашё маҳсулотлари экспортига боғлиқ бўлган минтақалар билан чегараланиб, ҳамон барқарор ўсиш кутилаётган минтақалардаги ошиш билан мувозанатлашиб кетади, дейилади ҳисоботда.

«Европа, Осиё-Тинч океани ва Лотин Америкасидан ташқари барча минтақалар, эҳтимол, 2021 йилда қисқартиришни амалга ошириши туфайли, мудофаа харажатларнинг умумий ўсиши 2013 йилдан (1,53 триллион доллар) буён энг паст даражагача тушиб кетади… COVID-19 пандемиясининг молиялаштиришга нисбатан энг кучли таъсири 2022 йилда — ҳукуматлар харажатларни чеклашни бошлаганида юз бериши мумкин», — деб ҳисоблайди Жанес етакчи таҳлилчиси Эндрю Макдоналд.

Унинг маълумотларига кўра, ижобий ўсиш асосан Осиё ҳисобига сақланиб қолади, инқироз йилларидан кейин эса мудофаа учун харажатлар ўсиши яна тезлашиши мумкин, шу сабабли таҳлилчилар 2030 йилга келиб харажатлар 2,23 триллион доллар даражасида бўлишини прогноз қилмоқда.

Асосий ўсиш манбаларидан бири Осиё мамлакатлари бўлади. 2010 йилда бу минтақадаги мамлакатларга барча харажатларнинг 20 фоизи тўғри келган бўлса, 2028 йилга келиб, бу 35 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Улашинг: