Юқори Чирчиқдаги чўчқахона бостирмасидан 14 кг марихуана топилди

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида 36 ёшли фуқарога тегишли чўчқахона бостирмасидан умумий оғирлиги 14 килограммга яқин марихуана гиёҳвандлик воситаси топилди, деб хабар беради Тергов департаменти.

Маълум қилинишича, 21 январь куни соат 11:30 да Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 36 ёшли Д.К.нинг «Т.Г.Хван» маҳалласида жойлашган яшаш хонадони кўздан кечирилган. Текширув вақтида уйдаги чўчқахонанинг бостирма қисмидан 1 дона 100 литр ва 1 дона 60 литр ҳажмдаги елим идишларда яшил рангли, ўткир ҳидли, кўринишидан наша гиёҳвандлик моддаси ўсимлигига ўхшаш бўлган қуритилган ҳолдаги ўсимлик туплари борлиги аниқланган.

Шунингдек, шу ердаги ўчоқда осилган қозонда нашага ўхшаш бўлган ўсимликни қовурилган ҳолатда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Суд кимёвий экспертизаси хулосасида Д.К.нинг уйидан олинган модда таркибида фаол гиёҳванд модда — тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси эканлиги ва уларнинг умумий оғирлиги 13 899 граммни ташкил қилиши ҳамда қозондан олинган ёғда қовурилган марихуана гиёҳвандлик воситасининг оғирлиги 270,14 грамм эканлиги кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Д.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Д.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми (кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотишга суиқасд қилиш) билан айблов эълон қилинган ҳамда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Улашинг: