Дунёда биринчи бор ҳафта давомида 100 мингдан ортиқ одам коронавирусдан вафот этди

Ўтган бир ҳафта ичида бутун дунё бўйлаб коронавирусга чалиниш ҳолати камайди, бироқ ўлим даражаси максимал кўрсаткичга эришди — биринчи бор етти кун ичида COVID-19 қурбонлари сони 100 минг кишидан ошди, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: EPA

2020 йилнинг октябрь ўрталаридан буён биринчи бор дунё бўйлаб бир ҳафта ичида коронавирусга чалинганлар сони 4 миллиондан камроқни ташкил этди. Касаллик тасдиқланганлар сони 3,98 миллион кишига етган — бу бир ҳафта олдинги кўрсаткичдан 10 фоизга кам дегани.

Жорий ҳафтада дунё бўйлаб коронавирусга чалингалар сони 100 миллион кишидан ошди. Шундай қилиб, сайёрадаги ҳар 75 кишидан бири коронавирусга чалинган.

Ҳозирга қадар беморларнинг 73 миллиони соғайган, яна 26 миллионга яқин одам даволанмоқда, бироқ ушбу маълумотлар тўлиқ эмас — айрим мамлакатлар тегишли статистикани эълон қилмай қўйган.

Касалланиш ҳолатлари энг юқори бўлган давлатларда касалликка чалиниш ҳолатлари камаймоқда. АҚШда ушбу кўрсаткич йил бошидан буён икки баробарга камайган: январь бошида мамлакатда 300 мингдан ортиқ одамда коронавирус аниқланган бўлса, ҳозирда 160 мингдан ошмоқда. Ҳиндистонда суткасига 10—12 минг кишида COVID-19 тасдиқланмоқда — бу ноябрь охирига қараганда тўрт баробар кам. Бразилияда эса кунига 50 мингдан ортиқ одам коронавирусга чалиняпти.

Европада касалликнинг навбатдаги тўлқинини Италияда тўхтатишга муваффақ бўлинган, у ерда суткалик касалланиш ҳолатлари йил бошига қараганда 1,6 баробарга кам, шунингдек, мазкур даврда инфекция тарқалган Буюк Британия ва Чехияда ҳам икки баробар камайган.

Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг камайиб бораётгани фонида ўлим ҳолатлари ўсмоқда: сўнгги етти кун ичида дунёда 102,1 минг бемор вафот этган. Бу ундан олдинги ҳафта билан солиштирганда 8 минг кишига кўп демак. Ўлим даражаси 2,14 фоиздан 2,16 фоизга ошган.

Ўлим ҳолатларининг чорак қисми АҚШ ҳисобига тўғри келмоқда — мамлакатда ҳар куни 3,5 мингга яқин одам вафот этяпти. Бир ҳафта ичида АҚШда 15 фоизга кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилган. Бироқ АҚШда ўлим даражаси дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан кам — 1,7 фоиз.

Мексикада эса ўтган ҳафтадаги кўрсаткич тахминан 25 фоизга ошиб кетган. Вафот этганлар сони 9,2 мингга ошган (жами 155 минг) — бу жами касалларнинг 8,5 фоизига тенг. Мексика ўлим даражаси бўйича фақат Ямандан орқада кетмоқда, у ерда коронавирусга чалингаларнинг қарийб 30 фоизи вафот этган.

Буюк Британияда эса кетма-кет иккинчи ҳатфа 8,5 минг киши COVID-19 қурбонига айланмоқда. Бразилияда кунига мингга яқин инсон коронавирусдан вафот этмоқда — бу пандемия бошланганидан буён максимум ҳисобланади.

Улашинг: