«Еб кетилгани» айтилган саховат пулининг 60 млн сўми қашқадарёлик аёлларга қайтариладиган бўлди

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида муҳтож аёлларга берилган 100 миллион сўм саховат пулининг 60 миллион сўми мурожаатчи аёлларга қайтариладиган бўлди. Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Мақсуда Мустафоева.
Фото: «Дарё»

Маълум бўлишича, 30 январь куни Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида тошкентлик тадбиркор Адҳам Бердиев томонидан саховат қилинган 100 миллион сўм пулни олди бўлиб, телевидениега тасвирга тушиб берган, аммо маблағга эга чиқолмаган аёллар масаласида Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева жамоатчиликка изоҳ берган.

«Ҳақиқатан ҳам беш нафар аёлга уй қуриб бериш учун 20 миллион сўмдан 100 миллион сўм ажратилганди. Бироқ Қовчин қишлоғи ҳудудидаги 3 та уйнинг пойдеворини қуриб бўлганимиздан сўнг, 20 миллион сўмга уй қуролмаслигимизни билдик. Ва кейинги вариантимиз, яъни бўш турган биноларни таъмирлаб яшаш учун имконият қилиб беришни танладик. Ҳамда беш нафар аёлга шароит яратиб бердик», — деди туман ҳокими.

Матбуот брифингида сўз олган «Дарё» мухбири ҳокимга юзланиб, «20 миллион сўмга уй қуриб бўлмайди, буни кейин тушуниб етдик деяпсиз. Ваъда беришдан олдин 20 миллион сўмга уй қуриб бўлмаслигига туман масъулларининг ақли етмаганми? Ёки ваъда шунчакимиди?», деган саволни берди. Бироқ жавоб ололмади.

Мақсуда Мустафоева, шунингдек, журналист ва блогерларга бир масала юзасидан ҳар хил маълумот беришга ҳам улгурди.

Беш нафар аёлнинг уйи учун ажратилган 100 миллион сўм ҳақида гапирган ҳоким яна бир гапида «Биз ўша пайтда 20 миллион сўмга уй қуриб берамиз деганда янги қурилаётган уйларнинг бошланғич тўловини шу маблағ ҳисобидан тўлаб беришни назарда тутганмиз», деди.

Туман ҳокимининг қўшимча қилишича, тошкентлик тадбиркор томонидан саховат сифатида берилган пуллар мурожаатчи аёлларни уйли қилиш мақсадида мўлжалланган нотураржой биноларни таъмирлашга сарфланган.

«100 миллион сўм саховат пули уй учун берилганини назарда тутиб, барча аёлларни нотураржойларни таъмирлаб уйли қилдик. Аммо икки нафари биз берган уйларда яшашни истамади», — деди Мақсуда Мустафоева.

Мақсуда Мустафоева «Kun.uz» мухбирининг «Аёлларга саховат қилинган 100 миллион сўм нотураржойларни таъмирлашга сарфланган деяпсиз, хўш бу қай даражада тўғри? Ахир бу уйлар ҳокимлик истаса, эртагаёқ қайтариб олиши мумкин бўлган нотураржойлар-ку. Балки мурожаатчилар шундан норозидир. Улар эртага бу жойлар мендан олиниб, бошқа бировга берилиши мумкин деётгандир», деган саволига «Биз бу нотураржойларни бир йилда ҳужжатлаштириб берамиз деб ният қилгандик», деди. Ҳоким «бунга ҳозирда қонунчилик йўл қўймайди-ку», деган эътирозга «Биз бу масалага қонуний ёндашамиз», дея қисқа жавоб берди.

Ҳоким матбуот бирифинги сўнггида аёлларнинг пулга даъво қилаётганини эшитгач, уларнинг уч нафарига 20 миллион сўмдан 60 миллион сўм қайтарилишини, аммо уларга берилган нотуражойлар олиб қўйилишини маълум қилди. Ҳокимнинг айтишича, қайтарилаётган 60 миллион сўм журналист ва блогерлар кўз ўнгида мурожаатчиларга топширилади.

Улашинг: