Ўзбекистонда илк бор коронавируснинг «британча» штамми қайд этилди

Ўзбекистонда коронавируснинг «британча» штамми Дубайдан келган фуқарода қайд этилди, дея хабар бермоқда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев.

Маълум қилинишича, 2010 йилда туғилган пойтахтлик фуқаро Ш. оила аъзолари билан биргаликда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига сафар қилиб, 2021 йилнинг 23 январь куни Тошкентга қайтган.

Ўрнатилган тартибга кўра, халқаро аэропортда фуқародан экспресс усулида тест олинганда, унда мусбат натижа қайд қилинган. Шундан сўнг, бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига тез ёрдам машинасида олиб келинган. Шифохонада ўша куннинг ўзида функционал-клиник текширувлардан ўтказилди ва унга COVID-19’нинг симптомсиз кечиши ташхиси қўйилди.

«SARS-CoV-2 вируси геномини ўрганиш учун Инновацион ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига юқумли касалликлар шифохонасидан ПЗР усулида олинган 33 та мусбат натижали томоқ–бурун намунаси «британча» штаммни аниқлаш мақсадида юборилганди. Ушбу намуналар ПЗР скрининги орқали биринчи босқич текширувидан ўтказилган.

Натижада улар орасида мутацияга учраган намуналар ҳам аниқланган. Куни кеча иккинчи тест босқичида мутация аниқланган намуналардан бирининг геном қисмларида «британча» штаммга хос бўлган қўшимча мутация мавжудлиги тасдиқланган. Бу намуна эса 10 ёшли бемор Ш. (қиз бола)га тегишли экани маълум бўлган
», – дейди Баҳодир Юсупалиев.

Таъкидланишича, ҳозирда беморнинг умумий ҳолати қониқарли, шикоятлари йўқ, тегишли тиббий стандартлар бўйича даво муолажаларини олмоқда. Бемор билан бирга бўлган оила аъзоларида манфий натижа аниқлангани сабабли уй шароитида изоляцияга рухсат берилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ана шу вазиятдан келиб чиқиб, яна бир бор аҳолини хушёрликка, жамоат ҳамда иш жойларида тиббий ниқобни тўғри ва доимий тарзда тақиб юришга, ижтимоий масофани сақлаш, қўлларни мунтазам ювиб туриш каби кундалик одатларни канда қилмасликка чақирган.

Коронавируснинг янги штамми
Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэтт Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфлироқ эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда.

Улашинг: