Xiaomi ҳақиқий симсиз қувватлантиргични тақдим этди. У ҳаво орқали ишлайди

Компаниялар смартфон билан тўғридан-тўғри алоқа қиладиган магнит ғалтакларга тегиб турган қурилмани симсиз қувватлантиргич деб аташга ўрганган — уни махсус майдончага жойлаштириш керак. Xiaomi компанияси эса узоқ масофадан туриб ишлай оладиган ҳақиқий симсиз қувватлантиргични тақдим этди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Компания ҳозирча Mi Air Charge номини олган технологияга оид батафсил маълумотлар билан бўлишмаган, бироқ унинг ишлаш принципи ҳақида тушунтириш берган. Бунинг учун хонага яқин атрофдаги қурилмага ҳаво орқали зарядларни узатишга қодир кичик қувватлантириш станциясини ўрнатиш керак бўлади. Бу орқали смартфонни қувватлантириш ва бир вақтда уни ишлатиш ҳам мумкин.

Технологиянинг ишлаш схемаси қуйидагича: станцияда хонадаги қурилма жойини аниқлайдиган антенналар жамланмаси мавжуд, бошқа бир антенналар жамланмаси эса сигнални миллиметрли диапазонда узатади ва смартфон батареясидаги тўғрилагич уни электр энергиясига айлантиради.

Станция 5 ваттли қувват орқали бир вақтнинг ўзида бир нечта қурилмани қувватлантира олади. Бироқ у барча смартфонларда ишламайди — компания ҳозирча бу турдаги қувватлантириш усули фақат Xiaomi Mi 11 да ишлашини ваъда қилмоқда. Келажакда технология компаниянинг бошқа қурилмалари билан ҳам ишлаши керак: смартфонлар, соатлар, колонкалар, лампалар ва бошқа техникалар.

Xiaomi ҳозирча қувватлантириш станцияси қанча туриши ва савдоларга қачон чиқишига аниқлик киритмаган.

Улашинг: