Хитойда коррупция ва қўшхотинликда айбланган амалдор қатл этилди

Фото: Sinxua

Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида 29 январь куни партиянинг собиқ котиби ва China Huarong Asset Management Co. Ltd акционерлик кенгашининг собиқ раиси Лай Сяоминга қарши ўлим жазоси ижро этилди, дея хабар бермоқда Sinxua агентлигига таяниб «Korrespondent.net».


Таъкидланишича, Лай Сяоминь январь ойи бошида коррупция, порахўрлик ва қўшхотинликда айбланиб, ўлимга маҳкум этилган.

«Олий халқ судининг маълумотларига кўра, 29 январь куни эрталаб Тяньцзинь шаҳрининг иккинчи даражали халқ суди Лай Сяоминга нисбатан ўлим жазосини ижро этди», – дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, 2018 йил кузида Лай Сяоминь интизом ва қонунларини жиддий бузгани учун партиядан чиқарилган. Интизомни текшириш бўйича Марказий комиссия томонидан ўтказилган тергов натижаларига кўра, Лай Сяоминь сиёсий интизомни жиддий равишда бузган.

Прокуратура маълумотларига кўра, у турли сиёсий авантюраларда қатнашган, шахсларнинг амал зинапоясида ўсишига ёрдам берган ва текширувларга тўсқинлик қилган.

Улашинг: