«Ҳоким кўтар-кўтар қилса, сизни Қамашига ‘фишт’ қилиб юборишади» — Саховат қилинган пулни ололмаган қашқадарёлик аёл

«Дарё»га мурожаат қилиб, тошкентлик тадбиркор томонидан саховат қилинган 100 миллион сўм пулга эга чиқолмаганини айтган аёллардан бири — Зилола Норқулова Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоеванинг хизмат хонасида бегона аёл томонидан «разбор» қилинганини айтмоқда.

Бу ҳақда хабар берган «Дарё» мухбирининг ёзишича, мурожаатчи аёллар ҳокимият биносида, айнан ҳокимнинг хизмат хонасида уларга нисбатан бўлаётган руҳий босимга туман прокуратураси ҳам жим қараб турганини билдирган.

«Кеча соат тахминан 15:30 да Муқаддас опа орқали мени ҳокимиятга чақиришди. Келсам, Муқаддас опа, Латофат опа ва менга нотаниш аёл бор экан. Ўша нотаниш аёл мен билан гаплашмоқчилигини айтди. ‘Кимсиз, исмингизни айтин’ дегандим, ‘Тадбиркорман, опа деб мурожаат қилаверин’, деди. Кейин менга гаплашиб олишимиз керак деб, ҳоким опанинг хизмат хонасига олиб кирди. Муқаддас опа эса ‘Сизлар мени аралаштирмай гаплашиб олинглар’, деди», — дейди Зилола Норқулова.

Мурожаатчи аёлнинг айтишича, ўзини тадбиркор сифатида таништирган водийлик аёл унга «Отабекнинг номерини қаердан олгансиз, топиб беринг бизга. Шикоятингизни қайтариб олинг, эрингиз Қамашидан, ўзингиз Батошдан. Агар ҳозир ҳоким кўтар-кўтар қилса, сизни Қамашига ‘фишт’ қилиб юборишади», деган.

Қарши туман ҳокимлигининг ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Нуриддин Қўлдошевнинг аниқлик киритишича, мурожаатчи аёлларга руҳий босим ўтказиб, фуқарони ҳокимнинг хизмат хонасида «разбор» қилишга журъат топган аёлнинг исми Умида. Мурожаатчиларга ўзини тадбиркор сифатида таништирган бу аёл ҳокимлик масъулларига блогер эканлигини айтган.

Ажабланарлиси, ҳоким йўқ пайтда унинг хизмат хонасига бемалол кириб, ҳаттоки фуқароларга босим ўтказишга журъат топган аёлнинг кириб-чиқиши кузатув камераларига ҳам тушмаган. Масъулларнинг айтишича, ўша куни ҳокимлик биносига ўрнатилган кузатув камералари ҳам ишламаган.

Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева ўзи йўқ пайтда хизмат хонасига бемалол кириб-чиқиб юрган ва ҳатто мурожаатчи аёлларга ҳам руҳий босим ўтказишга жазм қилган, аммо кузатув камераларига тушмаган шахснинг кимлигига аниқлик киритса, нур устига аъло нур бўларди.

АОКАнинг вилоятдаги масъули Усмон Нусуровнинг «Дарё» мухбирига маълумот беришича, Қарши тумани ҳокимлиги 30 январь куни Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ОАВ вакиллари ҳамда блогерларнинг 100 миллион сўм машмашасига доир саволларига жавоб беради.

Манба: Daryo.uz

Улашинг: