Биринчи президентнинг хос соқчилари бошлиғи: “Ислом Каримовнинг фаолиятида қалтис вазиятлар кўп бўлган”

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг яқинлари эслаганда энг аввало унинг қатъиятини ва хатоларни кечирмаслигини алоҳида қайд этишади. Буни ўз қизи Гулнора Каримованинг хатосини ҳам кечирмаганидан билиш мумкин. Рост24 мухбири Биринчи президентнинг 1990-1992 йиллардаги хос соқчилари бошлиғи бўлган Саъдулла Муҳамадқуловнинг хотиралари билан қизиқди.

– Мен бир киши билан гаплашганимда, Ислом ака ҳақида рус тилида айтганда “умнейший человек” деганди. Мен нега унинг гапини эслаяпман. Жуда камдан кам раҳбарлар ҳужжатлар билан ишлайди. Ислом Абдуғаниевич шунчалик кучли инсон эдиларки, улар ҳар бир ҳужжатни бошидан охиригача кўрар, керак бўлса қайта ишлар ёки қайтарарди. Битта конституцияни устида қанча ишлаганлар. Барча ҳужжатларни ўзлари тузатиб чиқарди. Нима учун? Хатога йўл қўймаслик учун. Яна битта инсонийлик хислатларини айтсам, улар “кам таъминланганлар билан кўп пул эгаларининг орасидаги масофани камайтириш керак”, дердилар. Бу уларнинг принцплари эди. Яна бир нарса, тарихни кўрсангиз агар уларнинг даврида катта кредитлар, қарзлар олинмаганига гувоҳ бўласиз. Молиявий ишлар билан боғлиқ бўлган халқаро ташкилотларни улар бир қадам нарёғда ушлаб турардилар. Яна бир нарса, Америка базасини шу ерга олиб келингандан кейин бироз вақт ўтдида, Андижон воқеаларидан кейин бир оғиз сўз билан мана шу ердан чиқариб юбордилар . Американи ўз ҳудудидан чиқариб юбориш учун қандай катта қатъият керак? Шу уларнинг кучи эди. Яна бир нарса вафот қилганларидан кейин Россия Федерацияси президенти Владимир Путин келиб уларни қабрларига гул қўяётганда бош эгди ва тиззалади. Нима учун? Путин у кишини устозим, деб биларди. Россияда вақтида шокотерапия қилинаётганди. Булар бу нарсага йўл қўймадилар. Оғир аҳволга халқни қўйишни хоҳламадилар. Улар ҳақиқий инсон эдилар. Бундай инсонлар юз йилда бир марта келади.

– Мана сиз Хос соқчилар бошлиғи бўлган экансиз уларнинг ҳаётларида энг хавфли кун қайси кун эди? Эслайсизми?

– Наманган воқеаси, Нукус воқеаси, Паркент воқеаси, Бўка воқеаси, Фарғона воқеаси…

Фарғона воқеаси бир ой давом этганди, 2 июндан 2 июлгача бўлган бўлса, улар июндан ишга келганлар , Фарғонада қанча одамни уйи ёниб кетган бўлса, қанча одам ҳалок бўлган бўлса, битталаб уйига кириб чиққанлар. Ўз соғлиги, жони учун хавф туғдирадиган ҳеч нарсадан қўрқмасди у. Биласизми, Паркент воқеаларида одамлар бир-бирини ўлдирган. Бу одам бориб ўзлари ҳал қилганлар шу низони ҳам. Кейин яна бир нарсаки, у одам нафақат қўрқмас, балки мард инсон ҳам эди. Чунки кучсизларни устидан булар ҳеч қачон ҳукм сурмаган булар кучлиларга куч пайдо қилишга ёрдам берган.

– Сўнги кунларини қандай эслайсиз?

– Мен бу вақтда ишламаганман. Лекин, бир нарсани айтай сизга, ҳар бир катта лойиҳани, миллион доллардан тепада бўлган ҳамма лойиҳаларни ўзлари назорат қилардилар. Мана ТАТА меҳмонхонасини биласиз шуни 39,5 миллион долларга сотганмиз. Мен у вақтда “Ўзбектуризм” қўмитаси раисининг ўринбосари эдим. Шу даврда шахсан ўзлари назорат қилгандилар. Ёки Самарқанддаги “Афросиёб” меҳмонхонасини очишда ҳам номини ўзлари қўйгандилар. 6 та ном бергандик, лекин уларни эмас, “Афросиёб” деб ўзлари ном қўйгандилар. Шундай нарсаларгача эътибор берардилар. Республикадаги ҳар бир масалани ўз бошида ушлаб туриш бу жуда катта оғир юк ҳисобланади. Шу юкни охирида кўтара олмасдан инсульт бўлдилар, қон қуйилиши бўлди. У бўлди, бу бўлди деганларга ишонманг . Мен ҳам ишонмайман. У одам ҳеч қачон ёмон йўлга борадиган инсон эмасди. Сизга бошқа мисолни айтай, Шароф Рашидович тўғрисида тўққиз йил турли гаплар гапирилди. Ўзини отди, ўзини заҳарлади, деб, лекин мақоламда ёзганман, у ҳам инфаркт эди. Одамлар тўқималарни айтишган. Аслида инфаркт бўлганига ўзим гувоҳман. 4 йил Шароф аканинг ҳам ёнларида мен бўлганман, охирги сувни мен берганман. Қўлимда жон берганлар. Гўрковлар билан бирга олиб бориб қўйганмиз. Нима учун бу гапларни айтаяпман. Бу инсонлар жудаям камдан кам инсонларда учрайдиган хислатларга эга бўлишган. Шулар билан ишлаганимдан, шуларни хавфсизлигини таъминлаганимдан фахрланаман…

Улашинг: