Коронавируснинг янги штаммининг хавфли хусусияти аниқланди

Коронавируснинг Жанубий Африкада пайдо бўлган штамми антитаналарга анча бардошли бўлиб чиқди. Бу ҳақда коронавирусга қарши иккита вакцинанинг клиник синовларига оид маълумотларга таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Getty Images

Янги маълумот шуни англатадики, вакцина билан эмланган инсон Жанубий Африка штаммига чалинган одам билан мулоқотда ундан тўлиқ ҳимояланмаган.

Novavax ва Johnson & Johnson вакциналари мутацияга учраган коронавирус тарқалган Жанубий Африкадаги синов иштирокчиларида сезиларли даражада кам самарадорлик кўрсатган. Оригинал вирусга қарши самарадорлиги 89,3 фоиз бўлган Novavax Жанубий Африкадаги инсонларда 50 фоизли кўрсаткични намоён этган.

Johnson & Johnson компаниясининг маълум қилишича, коронавирусга қарши бир марта эмланиш учта минтақада умумий ҳисобда 66 фоиз самарадорликни кўрсатган, бироқ минтақалар орасида катта фарқ бор.

АҚШда Johnson & Johnson дори воситасининг самарадорлиги 72 фоизга етган, Жанубий Африкада — 57 фоиз.

Pfizer бош директори Альберт Бурланинг таъкидлашича, коронавируснинг янги вариантлари «катта эҳтимол билан» вақт ўтиши билан компаниянинг вакцинасини самарасизга айлантириши мумкин.

Шу билан бирга, олимларнинг қайд этишича, вируснинг келажакдаги эволюциясини тўхтатишнинг энг яхши йўли — унинг кўпайишини тўхтатиш. Бу одамларни тезроқ вакцинациядан ўтказиш кераклигини билдиради.

Улашинг: