Шайтон қилди»: Қашқадарёда 27 ёшли эркак ухлаб ётган хотинини пичоқлаб ўлдирди

Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани, Севаз қишлоғида яшовчи 27 ёшли эркак ухлаб ётган хотинини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Хабар берилишича, воқеа 2021 йилнинг 31 январь куни соат 02:00 да содир бўлган.

Китоб туман ИИБнинг навбатчилик қисмига шу куни соат 04:00 да келиб тушган хабарга кўра, туман прокуратураси терговчиси А.Жўраев, туман ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи Э.Бадалов, эксперт мутахассислар, тезкор-тергов гуруҳи аъзолари ва бошқа тезкор ходимлар воқеа жойига етиб борган ва ҳодиса жойидан қон доғлари, қонга ўхшаш доғлари мавжуд 1 дона ошхона пичоғини процессуал тартибда расмийлаштириб олган.

Аниқланишича, 27 ёшли фуқаро Б.Қ. 2019 йил февраль ойида турмуш қурган 25 ёшли хотини М.Х.ни соат 02:00 ларда сабабсиз ухлаб ётган жойида ошхона пичоғи билан бўйин соҳасидан сўйиб, қасддан ўлдирган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, қотилликка қўл урган эркак бир ёшли қизини хотини ётган хонадан олиб чиқиб, онасига берган ва қизининг онаси ўлганини айтган. Бунинг сабабини сўраган яқинларига эса «шайтон қилди», дея жавоб берган.

Қотил эрнинг қилмишини изоҳлаган тоғаси унинг руҳий касал сифатида рўйхатда туришини айтиб, даволаниб чиққач, уч ой давомида «Клозапин» таблеткасини ичиб юрганини билдирган. Шунингдек, қотил эркакнинг онаси ўғли ва келини ўртасида уриш-жанжал бўлмаганини, ўғлининг бошида руҳий ўзгариши туфайли келинини сўйиб ўлдирган деб билишини, шу воқеадан сўнг ўғли умуман гапирмай қолганини айтган.

Ҳаёт Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, ҳолат юзасидан Б.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинган.

Улашинг: