Гулистон шаҳрида содир бўлган ёнғин юзасидан расмий маълумот берилди

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 7-февраль куни кечги маҳал Гулистон шаҳридаги «Эски бозор» ҳудудида йирик ёнғин содир бўлганди. Бу ҳақда @SirdaryoBOT орқали бир қатор фото ва видеолар, ҳамда уларга битилган изоҳлар келиб тушганди.

Маълумот ўрнида, мазкур ҳодиса юзасидан «Sirdaryo Xabarlari» вилоят ФВБ Ахборот хизмати билан боғланганди ва улар томонидан расмий маълумот тақдим этилиши маълум қилинганди.

Вилоят ФВБ Ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 7 февраль куни соат 17:55да Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси диспетчерлик хизматига ёнғин тўғрисида хабар келиб тушган.

Ёнғин оқибатида Гулистон шаҳар “Тараққиёт” маҳалласи А.Навоий кўчасида жойлашган қассобхона ичидаги 1 дона музлатгич ва савдо столи 12 кв.м. майдони ёнган. Ёнғинга 2 та ёнғин-қутқарув экипажлари соат 18:00да етиб бориб, ёнғин соат 18:02да ўраб олиниб, 18:05да батамом ўчирилган.

Ёнғиндан қассобхонанинг 15 кв.м. майдони сақлаб қолинган. Ёнғин сабаби ва моддий зара миқдори аниқланмоқда. Воқеа жойига вилоят ФВБ маъсул навбатчилари, тезкор бошқарув хизмати навбатчи сменаси ва шаҳар ФВБ бошлиғи майор А.Газиходжаевлар чиққан. Ёнғин ўчириш қисмидан ёнғин содир бўлган манзилгача масофа тахминан 4 км.ни ташкил этади.

Улашинг: