Сирдарёда бир ой аввал бевақт вафот этган бошлиқнинг ўрнига тайинланган раҳбар жиноят устида қўлга олинди

Ижтимоий тармоқларда Пенсия жамғармаси Ховос тумани бўлими бошлиғи коррупция жинояти устида қўлга олинганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Мазкур хабарга ойдинлик киритиш мақсадида «Sirdaryo Xabarlari» вилоят прокуратураси билан боғланди ва прокуратура мазкур хабарни тасдиқлади.

Прокуратура хабарига кўра, мазкур жиноят иши, жорий йилнинг 8-февраль куни Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан Пенсия жамғармаси Ховос тумани бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ДХХ Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда, фуқаро Н.Ч.нинг аризасига асосан жорий йилнинг 8-февраль куни ўтказилган тезкор тадбирда, Пенсия жамғармаси Ховос тумани бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.У. мансабдор шахс бўлгани ҳолда, хизмат мавқеидан яъни хизмат вазифаси бўйича пенсия ва ижтимоий нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш каби ўз ваколатларидан фойдаланиб, фуқаро Н.Ч.нинг умуман меҳнат стажига эга эмаслигини била туриб, юқори миқдоридаги нафақага чиқиши учун меҳнат фаолиятига эга эканлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тайёрлаб бериш орқали уни ёшга доир нафақага чиқариш эвазига 2 миллион сўм талаб қилиб, ундан кимёвий ишлов берилган 2 миллион сўм пулларни хизмат хонасида пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

«Мазкур жиноят иши бўйича Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Ушбу хабар хатбоши бежизга «Кўрмаганнинг кўргани қурсин» дея номланмади. Сабаби, пора билан қўлган тушган Ф.У.га қадар айнан ушбу лавозимда фаолият юритган Бахтиёр Файзиев бундан бир ой муқаддам бевақт вафот этган эди. Шу сабаб Ф.У. бошлиқ вазифасини бажарувчи этиб, яъни «в.б.» этиб тайинланган бўлган…

Улашинг: