«Севимли» телеканали муаллифлик ҳуқуқини бузди. Телеканал масъули жавобгарликка тортилди!

Сўнгги вақтларда эстрада хонандаларининг ижод намуналаридан тортиб тадбиркорларнинг маҳсулотларини қароқчилардан ҳимоя қилишга қарши сезиларли иммунитет шаклланаётганини кўриш мумкин. Шу ўринда айтиш керак, Интеллектуал мулк агентлиги томонидан республикамиздаги барча телеканалларнинг маъмуриятига муаллифлик ҳуқуқларига қатъий амал қилиш кераклиги, бундай ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда уларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳолатлари юзага келиши ҳақида огоҳлантириш берилган.

Шунга қарамасдан, Интеллектуал мулк агентлигига “Ш.М.М” масъулияти чекланган жамияти томонидан «Севимли» телеканалида “Номус кучи” номли бадиий фильмдан муаллифнинг розилигисиз ҳамда тегишли шартнома расмийлаштирилмаган ҳолда фойдаланганлик ҳолати бўйича қонуний чора кўриш тўғрисидаги мурожаати келиб тушди. Ушбу мурожаат Агентлик томонидан ўрганиб чиқилиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Жиноят судига баённома киритилди. Шундан сўнг Маъмурий жавобгарликка тортиш ва етказилган моддий зарарни ундириш бўйича масалалар суд томонидан ҳал этилади.

Маълумот учун, 2020 йил 1 июлда “Номус кучи” номли бадиий фильмининг муаллифи бадиий фильмдан фойдаланиш бўйича мутлақ мулкий ҳуқуқни “Ш.М.М” масъулияти чекланган жамиятига ўтказиб берган. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига кўра аудиовизуал асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектларидан бири ҳисобланади.

Ваҳоланки, “Номус кучи” бадиий фильми 2020 йил 13 ноябрда эфирга узатилган бўлиб, ушбу даврда ҳуқуқ эгаси билан аудиовизуал асардан фойдаланиш бўйича розилик олинмаган ва ҳеч қандай шартнома расмийлаштирилмаган.

Шу ўринда, агар сизнинг ўз ижод намунангизга оид кино асарлар, кўрсатувлар сизнинг рухсатингизсиз ҳеч қандай шартнома расмийлаштирилмаган ёки асарингиз бутунлиги бузилган (айрим қисмлари олиб ташланган) ҳолда телеканаллар орқали оммага намойиш этилган тақдирда Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилишингизни ва  ҳуқуқларингизни ўз вақтида тиклашингизни эслатиб ўтамиз.

Улашинг: