Тошкентда ука қариндошларининг кўз ўнгида акасини ўлдирди. Нега?

Оилали, 5 нафар фарзанднинг отаси бўлган Абдуворис Мўминов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кечга қадар ўзи яшаб келаётган Олмазор туманидаги уй олдида кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилади. “Кўза кунда эмас, кунида синади”, деганларидек А.Мўминов бу зарарли одатининг бадалини жондан азиз жигари билан тўлади… Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди, деб ёзади «Даракчи».

Соат тахминан 22:30 ларда акасининг уйига чиқиб, жияни билан жанжаллашганида, жанжал меҳмонлар ва бошқа қариндошларнинг ҳаракатлари билан бартараф қилинади. А.Мўминов ҳамда унинг оила аъзолари кўчага чиқариб юборилиб, ҳовли дарвозаси ичкаридан қулфлаб қўйилган.

Сўнг, А.Мўминов ўзини ҳақоратланган ва камситилган деб ҳисоблаб, бунинг учун акаси ва жиянини қасддан ўлдириш йўли билан ўч олишни мақсад қилади. Машинасида олиб юрган пичоқ билан қуролланиб, орқа томонда жойлашган гараж эшиги орқали акасининг ҳовлисига қайтиб киради. Меҳмонлар билан ўтирган жиянини олдига чақириб, яқинлашганида, ўта шафқатсизлик билан яқин қариндошларининг кўз ўнгида қўлидаги пичоқ билан унга бир неча бор кетма-кет тан жароҳатлари етказади.

Ушбу ҳолатни кўрган акасининг ўғли югуриб келиб, уни тинчлантириш ва жиноий ҳаракатларини олдини олишга уринган вақтда судланувчи уни ҳам қасддан ўлдириш мақсадида унинг кўкрак қафаси орқа қисмига қўлидаги пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказган. Икки нафар жабрланувчига ўз вақтида малакали тиббий муолажалар кўрсатилгани натижасида, уларнинг ҳаётлари сақлаб қолинган.

Шунингдек, судланувчи жиноий ҳаракатларини давом эттириб, икки нафар қариндошини такроран қасддан ўлдириш мақсадида уларга пичоқ билан тан жароҳатлар етказаётганини кўрган акаси унинг жиноий ҳаракатларини тўхтатиб, ўғли ва жиянининг ҳаётларини сақлаб қолиш учун олдига боради. Судланувчи акасини қасддан ўлдириш мақсадида, яқин қариндошларининг кўз ўнгида унинг ҳаёти учун хавфли бўлган органларига қўлидаги пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказган ва олинган тан жароҳатлар натижасида акаси вафот этган.

“ЎЗИМНИ ЙЎҚОТИБ ҚЎЙДИМ”

Судда судланувчи жиноий ҳаракатларига қисман иқрор бўлди…

— Уйда жами 17 нафар шахс яшайди. Мен яшаб келаётган уйдан 10-20 метр узоқликда акам оила аъзолари билан яшайди. Акам қизининг туғилган кунини нишонлашни бошладик. Уйидан 10-15 метр узоқликдаги анҳор олдида стол ва стул қўйиб, поччам билан ароқ ичиб ўтирдик. Кечки пайт поччам ва опам акамнинг уйига ухлаш учун чиқиб кетишди. Ўзим эса фарзандларим билан ҳовлида гаплашиб ўтирдик. Орадан 15 дақиқа ўтиб акамнинг уйида уруш-жанжал овозини эшитиб, югуриб чиқдим. Шунда жияним опамни ураётганини кўриб, уларни ажратганимда жияним мени турли сўзлар билан сўкиб, уриб кетди. Сўнг акам ўртага аралашиб ажратди. Сўнг рафиқам, қизларим билан ўз уйимга чиқиб кетдим. Уйга чиққанимиздан кейин 102 рақамига қўнғироқ қилдим. Икки нафар ички ишлар ходимлари келиб, турмуш ўртоғим ва опамдан ҳолатни сўраб, уйимдан чиқиб кетишди.

Орадан оз вақт ўтиб, ҳожатхонага чиққанимда жияним ва акам мени сўкаётганини эшитиб, уларнинг уйига бордим. “Нега сўкаяпсизлар?” деб сўрадим. Шунда мени тўсатдан уриб кетишди. Жияним велосипед занжири, акам қўли билан, унинг ўғли труба, яна бир ўғли қўлида ёғоч, бошқаси лопатка ва яна бири қандайдир қаттиқ жисм билан ура кетишди. Уйнинг гаражига қараб қочдим, кетимдан беш киши келишди. Гаражда турган машинадан “Чуст” пичоғини уларни қўрқитиш мақсадида олдим. Ҳамма мени ураётган вақтда қўлимдаги пичоқ билан қўрқитиш мақсадида “қоч” деб ҳаммага гапирган ҳолда бир неча маротаба пичоқни ўнгга-чапга ўйнатдим. Шу вақтда пичоқ жиянларим ва акамга кириб кетган бўлиши мумкин. Қўлимдаги пичоқ билан кўчага қараб югуриб кетдим. Овқатланиш шаҳобчасига етмасдан пичоқни кўчага ташлаб кетдим. Ўзимни ҳимоя қилиш учун пичоқни ўнгга-чапга ўйнатдим, кимгадир кириб кетганига эътибор қилолмадим. Сабаби ҳамма мени ураётганди, ўзимни йўқотиб қўйдим. Агар пичоқни олиб ўзимни ҳимоя қилмаганимда акам ва бошқалар уриб ташлаган бўларди. Пичоқ билан бирор кишига тан жароҳати етказиш мақсадим бўлмаган. Акам билан доим яхши муносабатда бўлиб, бирор маротаба ҳам жанжаллашмаганмиз. Акам ва жиянларимни ўлдириш мақсадим бўлмаган. Барча ҳолат кутилмаганда юз бергани сабабли содир қилган ҳаракатларимни тўлиқ англай олмаганман. Акамнинг оиласи ва жиянларимдан кечирим сўрайман. Рафиқам ва беш нафар фарзандим менинг қарамоғимда. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. 

Зоир КАМОЛОВ, Тошкент шаҳар суди судьяси: 

— Судланувчи ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “а, ж” бандлари, 97-моддаси 2-қисми “ж, р” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан судланувчига узил-кесил 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Улашинг: